“Темурийлар Ренессанси ва Янги Ўзбекистон”
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Темурийлар Ренессанси ва Янги Ўзбекистон” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад Амир Темур ва темурийлар даврида шаклланган юксак давлатчилик анъаналари, илм-фан ва маданиятнинг ривожланиш тажрибасини, шунингдек, уларни бугунги Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан уйғун ҳолда ўрганишдан иборатдир.

Унда республикадаги олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар, илмий марказлардан таниқли олимлар, ёш олимлар ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда институт ректори в.в.б. Қувондиқ Қодиров, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Татлимурат Атамуратов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Яхшибека Абдуллаева, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими катта илмий ходими, профессор Мақсет Қарлибаев, тарих фанлари доктори, доцент Маман Сарибаев, институтнинг тарих таълим йўналиши 3-курс талабаси, Бобур номли давлат стипендияси танлови ғолиби Жасурбек Нуруллаев Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётига оид маърузалари билан қатнашди.

Таъкидланганидек, Амир Темур асос солган марказлашган давлат тизими ўз даври учун энг мукаммал бошқарув модели бўлиб, унда адолат, қонун устуворлиги, тартиб-интизом ва кучли ҳарбий стратегия асосий тамойил сифатида ўрнатилган. Бу эса ҳудудий яхлитликни таъминлаш билан бирга, иқтисодий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Шу жиҳатдан, Амир Темур томонидан илгари сурилган бошқарув тамойиллари ҳозирги вақтда ҳам замонавий давлат бошқаруви тизимида муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга эканлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.


Конференцияда темурийлар даври ренессанс босқичи сифатида баҳоланиб, бу даврда илм-фан, маданият, меъморчилик ва санъат юксак даражада ривожлангани илмий асосларда муҳокама қилинди. Жумладан, астрономия, математика, тиббиёт, тарих ва адабиёт соҳаларида эришилган ютуқлар Шарқ ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.