Tелеграм каналлар ОАВдан кўпроқ ўқиляпти...ми?
Бугунги шиддатли ахборот замонида ҳар биримизга одат бўлиб қолган таниш манзара — эрталаб уйғонишимиз биланоқ телефонни олиб, биринчи қиладиганимиз Телеграм каналларни кўздан кечириб, қандай муҳим янгилик ва хабарлар содир бўлгани билан қизиқамиз. Ўзимиз учун энг муҳим ва ишончли деб билган каналларимизга бирма-бир кўз югуртириб, энг сара, дунё айвонидаги энг долзарб воқеа-ҳодисалардан, ахборотлардан тезкор хабардор бўламиз.
Бугунги медиа олами ана шундай шиддатлилиги, тезкорлиги ҳамда қулайлиги билан ҳаётимизга чуқур кириб бормоқда. Бу жараёнда эса энг тезкор, энг қулай ва қисқа форматли манба сифатида Телеграм каналлар одамларнинг биринчи танловига айланмоқда. Улар хабарни дарҳол бериши, содда тили, қисқа-лўнда ва “ҳазм бўладиган” формати билан, қолаверса, таҳрир, текширув, бюрократия камлиги билан “биринчи” бўлмоқда.

Анъанавий оммавий ахборот воситалари эса расмий услуби, бироз узун матни ва эски формати билан, айрим чекловлар, яъни, ҳаммасини борлигича айта олмаслиги билан ўқувчини унчалик қизиқтира олмаётгандек назаримизда.
Хўш, бугун одамлар қулай ва тезкор манба ортидан қувиб, анъанавий оммавий ахборот воситаларини ташлаб қўйишдими? Телеграм каналлар нимаси билан ўқувчини ўзига ром этмоқда? Уларнинг афзалликлари, ОАВдан фарқли жиҳатлари нимада?
Шу кабилар ҳақида таниқли журналист, филология фанлари доктори, профессор Наргис Қосимованинг фикрлари билан қизиқдик.
— Телеграм каналларининг оммавий ахборот воситаларига нисбатан кўпроқ ўқилиши замонавий ахборот истеъмоли маданиятидаги трансформациялар, рақамли муҳитнинг ривожланиши ва аудитория эҳтиёжларининг ўзгариши билан боғлиқ мураккаб ижтимоий-коммуникатив жараён сифатида изоҳланади, — дейди Наргис Қосимова. — Бу ҳолатни фақат фойдаланувчиларнинг платформавий афзалликлари билан чеклаш мумкин эмас, у тезкорлик, қулайлик, форматлаш, ишонч ва медиапсихологик омилларнинг ўзаро таъсири натижасидир.
Ўзбекистон шароитида Телеграм платформасининг кенг қамрови, яъни интернет аудиториясининг тахминан 70 фоиздан ортиғини ташкил этиши уни ахборот тарқатишнинг муҳим каналларидан бирига айлантирган.
Аввало, Телеграм каналларининг устунликларидан бири ахборотни тарқатишдаги юқори тезкорликдир. Анъанавий ОАВда хабар тайёрлаш жараёни маълум бир таҳририй босқичлардан (ахборотни текшириш, таҳрирлаш, форматлаш) ўтади, бу эса маълум вақтни талаб қилади. Телеграм каналларида эса ахборот деярли реал вақт режимида, қисқа шаклда тақдим этилади. Замонавий аудиториянинг “тез ахборот истеъмоли”га йўналгани мазкур платформанинг рақобатбардошлигини оширади.
Иккинчидан, Телеграмнинг функционал қулайлиги унинг оммалашувида муҳим омил ҳисобланади. Ахборот фойдаланувчига бевосита етказилади, яъни у қўшимча равишда веб-сайтларга кириш ёки ахборотни излашга муҳтож эмас. Бу ҳолат ахборотни қабул қилиш жараёнини соддалаштиради ва вақт сарфини камайтиради. Шунингдек, платформанинг интерфейси, реклама юкламасининг нисбатан камлиги ва мультимедиа форматларини бир жойда тақдим этиш имконияти ҳам фойдаланувчи тажрибасини яхшилайди.
Учинчидан, Телеграм каналларида ахборотнинг қисқа ва компакт шаклда тақдим этилиши аудитория эҳтиёжларига мос келади. Қисқа матнлар, аниқ сарлавҳалар ва минимал фактологик юклама ахборотни тез қабул қилиш ва англаш имконини беради. Бу эса “скролл маданияти” ҳукмрон бўлган рақамли муҳитда муҳим аҳамият касб этади. Анъанавий ОАВ эса кўпроқ таҳлилий ва кенгайтирилган форматни сақлаб қолади. Бу эса ҳар доим ҳам оммавий аудитория талабларига жавоб бермаслиги мумкин.
Тўртинчидан, Телеграм платформасининг шахсий коммуникация муҳити билан интеграциялашганлиги унинг таъсир доирасини кенгайтиради. Фойдаланувчилар ушбу платформадан нафақат ахборот олиш, балки шахсий мулоқот, иш юритиш ва маълумот алмашиш воситаси сифатида ҳам фойдаланади. Натижада Tелеграм ахборот истеъмолининг алоҳида канали эмас, балки кундалик рақамли ҳаётнинг ажралмас қисмига айланади.
Бешинчидан, Tелеграм каналлар аудитория психологиясига мослашувчан коммуникация моделларини қўллайди. Жонли ва таъсирчан сарлавҳалар, эмоционал тон, визуал контент ва интерактив элементлар аудитория диққатини жалб этишда муҳим роль ўйнайди. Бу ҳолат анъанавий журналистика услубидан фарқ қилади. Чунки ОАВ кўпроқ нейтраллик ва расмийлик тамойилларига таянади.
Олтинчидан, Tелеграмда ахборот тарқалишининг тармоқли (network-based) хусусияти унинг таъсирини янада кучайтиради. Бир манбада жойланган хабар қисқа вақт ичида бошқа каналлар, гуруҳлар ва шахсий чатлар орқали кенг тарқалади. Бу жараён ахборотнинг вирусли тарқалишига олиб келади ва унинг қамровини сезиларли даражада оширади.
Еттинчидан, аудиториянинг ахборот манбаларига бўлган ишончи трансформацияга учраётгани ҳам муҳим омил ҳисобланади. Замонавий медиа муҳитида фойдаланувчилар кўпинча бир нечта манбани параллел равишда истеъмол қилади ва ахборотни солиштириш орқали хулоса чиқаради. Tелеграм каналларида ахборотнинг содда ва тез тақдим этилиши баъзи ҳолларда аудитория учун ишончлилик иллюзиясини ҳам шакллантириши мумкин.
Саккизинчидан, Ўзбекистонда Tелеграм платформасининг юқори даражада институционаллашуви кузатилади. Кўплаб расмий ташкилотлар, медиа субъектлар ва мустақил контент яратувчилар айнан шу платформа орқали фаолият юритади. Бу эса Tелеграмни алоҳида медиа экотизим сифатида шакллантирган.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, Tелеграм каналларининг оммалашуви уларнинг ҳар доим ҳам юқори журналистик сифатга эгалигини англатмайди.
Анъанавий ОАВнинг асосий афзалликлари ахборотни текшириш (фактчекинг), таҳририй назорат, ҳуқуқий жавобгарлик ва чуқур таҳлил ҳали ҳам долзарблигини сақлаб қолмоқда. Шу сабабли ахборот истеъмолида мувозанатли ёндашув муҳим: тезкор маълумотни рақамли платформалардан олиш ва унинг ишончлилигини профессионал ОАВ орқали текшириш мақсадга мувофиқ.
Қисқа қилиб айтганда, Tелеграм каналларининг юқори ўқилиши тезкорлик, функционал қулайлик, қисқа формат, кундалик ҳаётга интеграция, аудитория психологиясига мослашув ва тармоқли тарқалиш механизмлари билан изоҳланади. Бироқ сифатли ва ишончли ахборот таъминлаш нуқтаи назаридан анъанавий ОАВнинг аҳамияти сақланиб қолмоқда, – дейди Наргис Қосимова.
Дарҳақиқат, бугунги ахборот асрида замонавий ўқувчи тез тушунишни, янгиликлардан тезкор, биринчилардан бўлиб хабардор бўлишни истайди. Шу нуқтаи назардан Tелеграм каналлари ўқувчининг янги одатларига мослашган ҳолда тезкорлик ва қулайликка асосланган. Аммо анъанавий ОАВ бироз эски форматда қолиб кетаётган бўлса-да, профессионаллиги, ишончлилиги, текширилганлиги билан ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА