“Яшил макон” келажакка қаратилган масъулият
Муносабат

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жорий йилги мавсумида 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил қилиш борасида бошлаб берган ибратли ишлари диёримиз тараққиёти йўлида янги имконият эшикларини очди. Шунингдек, “Яшил” университет ҳудудида “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “ин-витро” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилиши айни муддао. Ҳар бир ҳаракат эртанги кунда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Бугун маҳалла раислари, нуроний отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаоллар, жойларда миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимизни янада кенгроқ тарғиб қилишга чорламоқда. Бу бежиз эмас, албатта.
Қувонарлиси 2026 йилдан ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассислар тайёрлаш, ботаника ва дендрология боғлари техникум ўқувчилари учун амалиёт базасига, илмий ходимлар учун эса тадқиқот майдонига айланади. Президентимиз ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтириш, бу борадаги лойиҳалар учун ажратилаётган маблағлар миқдорини оширди. Буларнинг замирида табиат ва она ватанга бўлган муҳаббат туйғулари мужассам.
Ҳар бир кўча, хонадон ва йўл бўйларига ниҳоллар қадаш, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда катта авлод вакиллари ёшларга бош бўлиши, уларга табиатни севиш ва асраш бўйича ўрнак кўрсатиши зарур. Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” каби ибратли гаплари бежиз айтилмаган. Чунки яхши ниятли инсон ҳамиша эзгу ишларга ундайди.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси сабаб юртимиз яшилликка бурканмоқда. Жумладан, Қашқадарёда ҳам табиатни асраш, ҳаво мусаффолигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини камайтириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган.
Биргина ўтган йилнинг куз мавсумида 10 миллион 174 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 10 миллион 364 минг туп манзарали ва мевали кўчат экилиб, “Яшил макон” платформасига киритилди.
2026 йил баҳор ва куз мавсумларида жами 16,3 миллион туп (баҳорда 6 млн 219 мингта) дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган бўлиб амалда бугунгача 6 миллион 668 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиб, платформага киритилди.
Биргина Қарши-Қамаши йўлининг 53 километрида 164 минг дона ҳамда Қарши-Нишон йўлининг 20 километр қисмидаги йўл ёқаларида 100 мингта кўчат экилиб, суғориш тизимлари йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, 16 та туман (шаҳар)ларда биттадан жами 16 та янги “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари” барпо этилади. Мутахассисларнинг фикрича, экилган ҳар бир ниҳол нафақат ҳавони тозалайди, балки она заминнинг мусаффолигига хизмат қилади. Бу жараёнда фақат сон эмас, балки сифат ва доимий парвариш муҳим аҳамият касб этади.
Акбар Раҳмонов,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.
ЎзА