Таниқли бейсбол устаси Ўзбекистонда
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Жанубий Корея бейсболининг афсонавий мураббийи, спорт раҳбари ва бейсбол соҳасидаги халқаро даражадаги мутахассис билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда олимпия ўйинлари тизимидаги бейсбол спорт турини янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни Кореядаги бейсбол мактаблари, университетлар ва профессионал клублар тизимига жалб этиш, спорт таълими ва амалий тайёргарликни уйғунлаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов суҳбат жараёнида юртимизда оммавий спорт ҳаракатини, олимпия спорт турларини янги босқичга олиб чиқиш, илғор давлатларнинг тажрибасини ўрганиш, татбиқ этиш, профессионал спортчи ва мураббийларни тайёрлаш борасида давлат дастурлари ишлаб чиқилгани хусусида сўзлаб берди.

Ўз навбатида кореялик бейсбол мутахассиси Ўзбекистонда бейсбол спортини ривожлантириш, ёш спортчилар учун халқаро тайёргарлик имкониятларини кенгайтириш борасида зарур инфратузилма мавжудлигини эътироф этиб, Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги маҳоратли бейсбол усталарини тайёрлашда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда бейсбол спорт тури дунёдаги 120 та давлатда жадал ривожланмоқда. Ҳар йили АҚШ, Япония, Чехия, Куба, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларда ўнлаб турнирлар, чемпионатлар ўтказиб келинади.
Т.Рўзиев, ЎзА