Таълим тизимидаги натижалар таҳлил қилинди
Навоий шаҳридаги 23-умумтаълим мактабида вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ва вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар таълим масканида ўқувчиларнинг билим олишлари учун яратилган шароитлар, тўгараклар ва кутубхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.

- Айни пайтда мактабимизда 83 нафар педагог ходим фаолият юритиб, уларнинг 33 нафари олий, 27 нафари биринчи ва 22 нафари иккинчи тоифали педагоглардан иборат, - дейди мактаб директори Мирёқубжон Шодиев. - Мактаб педагогларининг 68 нафари турли даражадаги халқаро ва миллий сертификатларга эга. Педагогларнинг меҳнатини рағбатлантириш ва касбий маҳоратини ошириш учун яратилган шароитлар натижасида 17 нафар педагог 70 фоизлик устамага эга бўлган, 2025-2026 ўқув йилида эса 3 нафар ўқитувчи “Вазир устамаси”га сазовор бўлди. Таълим сифатини баҳолашда битирувчиларнинг кейинги босқичдаги натижалари алоҳида аҳамиятга эга. 2025-2026 ўқув йилида мактабни 31 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 22 нафари, яъни 73 фоизи олий таълим муассасалари талабалари сафига қабул қилинди. Ушбу кўрсаткич билан мактаб жамоаси Навоий шаҳри мактаблари рейтингида 1-ўринни эгаллади.

Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Раъно Ҳайитова вилоят таълим тизимида эришилган натижалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан маълумот берди.
Ҳозирги кунда Навоий вилоятида 367 та умумтаълим мактаби, 9 та ихтисослаштирилган мактаб, 1 та Президент мактаби ва 7 та нодавлат мактаб фаолият юритмоқда. Уларда жами 195 минг нафардан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Мактабгача таълим тизимида эса 239 та давлат ва 1 215 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Нодавлат ташкилотларнинг 6 таси хусусий, 98 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 1111 таси эса оилавий шаклда ташкил этилган.
- Бугунги кунда 202 та мактабда ўқувчилар билимини баҳолашнинг янги тизими жорий этилган, - дейди Р.Ҳайитова. - Бу мактабларда ўқувчилар билимининг натижадорлик кўрсаткичи ўтган йилги 72,5 фоиздан 81 фоизга кўтарилди. Бу ёндашув ҳар бир мактаб, ҳар бир фан ва ҳар бир ўқувчи кесимидаги муаммоларни аниқлаш, паст натижа кўрсатаётган мактаблар билан манзилли ишлаш имконини бермоқда. Шу билан бирга, таълим соҳасидаги муҳим янгиликлардан бири - юқори натижаларга эришган мактаб жамоаларини рағбатлантириш тизимидир. Жорий йилда вилоятимиздаги 29 та мактаб жамоасига эришилган натижалар учун 40 фоизгача устама тўланиши белгиланган.

Таълим сифати, аввало, ўқитувчининг билими, малакаси ва касбий маҳоратига боғлиқ. Шу сабабли вилоятда педагогларнинг малакасини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва мактабларга юқори илмий салоҳиятга эга мутахассисларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир йил давомида малакавий тоифага эга педагоглар сони 15 665 нафардан 16 001 нафарга етди.
Мактаб таълими сифатини баҳолашда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари ҳам муҳим ўрин тутади.

Ўтган ўқув йилида вилоят умумтаълим мактабларини 12 минг 524 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 52,5 фоизи давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди ва республикада биринчи ўринни қайд этди. Давлат олий таълим муассасаларига киришдаги ўртача балл ҳам ўтган йилги 93,23 баллдан 112,78 балга кўтарилди. 17 та умумтаълим мактаби битирувчиларининг 100 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 7 та мактабга кўпайди. 579 нафар битирувчи максимал баллни қўлга киритиб, муддатидан олдин грант асосида талаба бўлди.
Сўнгги беш йилда вилоятда мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва қўшимча ўқувчи ўринларини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 9 та янги мактаб қурилиб, 5 минг 342 та янги ўқувчи ўрни яратилди. Қўшимча бинолар ҳисобига эса яна 15 минг 438 та ўқувчи ўрни ташкил этилди. Жорий йилда яна 87 та мактабда қўшимча 6 минг 600 та ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган.
Мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳам ишлар давом эттирилмоқда. Сўнгги беш йилда 222,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 73 та давлат мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 3 минг 670 та янги тарбияланувчи ўрни яратилди, 8 минг 730 та мавжуд ўрин мукаммал таъмирланди.

Жорий йилда эса 43 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 20 та давлат мактабгача таълим ташкилотида қўшимча 1 минг 230 та тарбияланувчи ўрни яратиш режалаштирилган.
Бу ишлар таълим муассасаларининг имкониятларини кенгайтириш, болалар учун қулай муҳит яратиш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири