Фарғоналиклар маррага етди
Фарғона вилояти пахтакорлари жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумида 371 минг 500 тонна хирмон яратиб, пахта хомашёси етиштириш ва топшириш бўйича белгиланган шартномавий режани бажарди.
Ушбу меҳнат зафари Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш ҳамда илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Жорий йилда вилоят бўйича 72 минг гектар майдонда ғўза парваришланди. Шундан 62 минг гектарига, яъни умумий майдоннинг 86 фоизига хорижий навли чигитлар экилди.
Мавсум давомида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ғўза парваришида илмий ёндашувлардан фойдаланиш, суғориш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва ҳосилни пишиб етилтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Пахтачиликда юқори натижаларга эришишда замонавий техникалардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, жорий йилда Хитойнинг «Сwан» компаниясидан яна 135 та пахта териш машинаси харид қилиниб, вилоятдаги мавжуд терим машиналари сони 285 тага етказилди. Замонавий техникалар ёрдамида 230 минг тонна пахта ҳосили йиғиб олинди. Бу терим муддатларини қисқартириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва даладаги йўқотишларни камайтириш имконини берди.
Пахта йиғим-терими давом этмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА