Сувни тежаш – барқарор тараққиётнинг муҳим шарти
Ўзбекистонда 2026 йилнинг ўн ойида 10 миллиард 690 миллион куб метр сув тежалди.
Каналларни бетонлаштириш, ерларни лазер ёрдамида текислаш, сув сарфини рақамли ҳисобга олиш ва кам сув талаб қиладиган экинлар улушини ошириш ҳам умумий самарага хизмат қилди. Бундан ташқари янги суғориш технологиялари ҳам бу натижага ҳисса қўшди.
Иқлим ўзгариши, қурғоқчилик хавфининг ортиши, аҳоли ва иқтисодиётнинг сувга эҳтиёжи кучайиб бораётган шароитда мавжуд ресурсдан самарали фойдаланиш тобора муҳим бўлиб бормоқда. Айниқса, сувнинг катта қисми сарфланадиган қишлоқ хўжалигида ҳар бир куб метрнинг ҳисоби аҳамиятли.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги вазифаларни кенгайтирди.
Қарорга кўра, 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар 3,5 миллион гектарга етказилади. 220 минг гектарда томчилатиб, 110 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилади. Яна 600 минг гектар ер лазер ёрдамида текисланади. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳар йили 5 миллиард куб метр сувни тежаш.
Сув тежовчи технологияларнинг ишлаш тамойилини оддий мисоллар орқали тушунтириш мумкин. Анъанавий суғоришда сув дала бўйлаб оқизилади. Сувнинг бир қисми буғланади, бир қисми эса ўсимлик илдизи учун зарур бўлган миқдордан ортиқча тупроққа сингади. Томчилатиб суғоришда эса сув қувурлар орқали бевосита ўсимлик илдизига етказилади. Ёмғирлатиб суғориш уни майдон бўйлаб бир текис тарқатади. Лазерли текислаш ердаги баланд-пастликларни камайтириб, сувнинг тенг тақсимланишига ёрдам беради.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш лабораторияси мудири, техника фанлари доктори, профессор Малика Икромова ҳам сув тежашни озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик барқарорлик билан боғлайди.
У ўзининг “Сув ресурслари: самарадорлик ва барқарорлик стратегияси” мақоласида шундай ёзади:
– Сув ресурслари тақчиллиги ортиб бораётган ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш зарур бўлган шароитда сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳар қандай давлат учун асосий вазифалардан бирига айланмоқда. Шу билан бирга, сувдан самарали фойдаланиш экотизимларни сақлаб қолишнинг ҳам ҳаётий зарур шарти ҳисобланади.
Шунингдек, қарорда молиявий рағбат билан бирга сувдан фойдаланишда масъулиятни кучайтириш механизмлари ҳам белгиланган. 2027 йилдан сув солиғи ва субсидия миқдори ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатига қараб белгиланади. Сув таъминоти барқарор бўлмаган ҳудудларда сув тежовчи технология жорий этган хўжаликка субсидия 1,25 коэффициент билан ҳисобланади. Сув билан барқарор таъминланган ҳудудда эса бундай технологияни жорий этмаган хўжалик икки баравар юқори ставкада сув солиғи тўлайди.
Оддий қилиб айтганда, сув танқис ҳудудда тежамкор технология жорий этган фермер кўпроқ қўллаб-қувватланади. Сув билан барқарор таъминланган жойда эса сувни тежаш чорасини кўрмаган хўжалик юқорироқ солиқ тўлайди.
Бундан ташқари, кредит асосидаги лойиҳаларда ҳам назорат кучайтирилади. Ҳар гектар учун 20 миллион сўмгача кредит ажратилади. Фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан юқори, аммо 10 фоиз бандигача бўлган қисми давлат ҳисобидан қопланади. Пудратчига якуний тўлов технология ҳақиқатда ўрнатилганини тасдиқловчи мустақил эксперт хулосасидан кейин амалга оширилади.
Сувни самарали бошқариш учун уни аниқ ҳисобга олиш ҳам зарур ҳисобланади. 2027 йилдан шоли етиштириладиган майдонларнинг сув кириш қисмида, балиқчилик хўжаликларида эса сув кириш ва чиқиш нуқталарида “ақлли” ҳисоблаш воситалари мажбурий бўлади.
Улар Сув хўжалиги вазирлигининг “Сув ҳисоби” ахборот тизимига уланади. Белгиланган ускуна ўрнатилмаса, сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси икки баравар оширилади.
Профессор Малика Икромова бу механизмни шундай изоҳлайди:
– Бундай ёндашув ҳар бир қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисининг сув билан таъминланганлик ҳолатини аниқлашда шаффофлик ва холисликни таъминлайди. Бу эса ўз навбатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва солиққа тортиш чораларининг адолатли қўлланилишини кафолатлайди. Рақамли ҳисоб сув таъминоти ва истеъмоли бўйича аниқ маълумот олиш имконини беради. Бу субсидия ва солиқ механизмларини ҳудудларнинг реал сув таъминотидан келиб чиқиб қўллаш учун ҳам зарур.
2026 йилнинг ўн ойлик натижалари сув тежашда бир нечта йўналиш бир вақтда ишлаётганини кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, январь-октябрь ойларида республика бўйича 10 миллиард 690 миллион куб метр сув тежалган. Шундан 4 миллиард 935 миллион куб метри сув тежовчи технологиялар ва ерларни лазерли текислаш ҳисобига тўғри келади. Ирригация тармоқларини таъмирлаш, тиклаш ва бетонлаштириш орқали 3 миллиард 141 миллион куб метр сув иқтисод қилинган. Рақамли технологиялар ҳисобига 671 миллион куб метр, илғор агротехник тадбирлар ва кам сув талаб қиладиган экинлар орқали эса 1 миллиард 944 миллион куб метр сув тежалган.
Рақамли бошқарув ҳам сув хўжалиги тизимининг муҳим қисмига айланмоқда. Вазирлик маълумотига кўра, 13 минг 310 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилган. 12 минг 859 та мелиоратив кузатув қудуғи “Дайвер” ускуналари билан жиҳозланган.
1 минг 935 та насос станциясида сув сарфини онлайн кузатиш йўлга қўйилган, 106 та йирик объект автоматлаштирилган. “Сув ҳисоби” тизими орқали 97,5 минг сувдан фойдаланувчи билан электрон шартнома расмийлаштирилган ва 817 мингта далолатнома шакллантирилган.
Бу тизимлар сувни ўлчаш, тақсимлаш ва сарфини назорат қилиш учун аниқ маълумотлар базасини кенгайтирмоқда. Технология ва рақамли тизимларнинг самараси кадрлар малакасига ҳам боғлиқ. Шу боис Президент қарорида сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, амалдаги кадрлар малакасини ошириш ва Хитойнинг Шинжон ҳудуди тажрибасини ўрганиш вазифалари белгиланган.
Сувдан самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги билан бирга мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлиги ва келгуси авлодлар учун сув ресурсларини асраш билан ҳам бевосита боғлиқ.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири.