Чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш ва озуқа таъминотини яхшилаш чоралари кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев чорвачиликда озуқа базасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда аҳоли сони ва даромадлари ошиб бориши, туризм соҳасининг жадал ривожланиши натижасида гўшт ва сут маҳсулотларига талаб йил сайин ортиб бормоқда. Бундай шароитда ички бозорни етарли ҳажмдаги маҳсулот билан таъминлаш, ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ва нархлар барқарорлигини сақлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда озуқа харажатлари гўшт етиштириш таннархининг 30 фоизини ташкил қилмоқда. Республикамизда 12,5 миллион бош қорамол, 23 миллион бош қўй-эчки ва 125 миллион бош парранда боқилаётган бўлиб, йилига 48 миллион тонна озуқа етиштирилмоқда. Бу мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қопламаяпти. Хусусан, бир бош қорамол учун йилига 6,5 тонна озуқа талаб этилса, амалда бу кўрсаткич 4 тоннадан ошмаяпти.
Шу билан бирга, чорвачилик учун ажратилган қарийб 480 минг гектар ер майдонининг камида 20 фоизидан самарасиз фойдаланилмоқда. Озуқабоп экинлар ҳосилдорлиги, аҳоли хонадонларига сифатли озуқа етказиб бериш тизими ва наслчилик ишлари ҳам бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермайди.
Шу муносабат билан тақдимотда озуқа етиштириш ҳажмини 2027 йилда 64,5 миллион тоннага, 2030 йилга бориб эса 90 миллион тоннага етказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар таклиф этилди.
Аввало, ҳудудлар кесимида озуқа баланси шакллантирилиб, озуқабоп экин майдонлари ва экин турларининг ҳисобини юритиш тўлиқ рақамлаштирилади. Чорвачилик учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланилиши космик мониторинг орқали назорат қилинади.
Мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш, такрорий экин экишни кенгайтириш, серҳосил навлар ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига озуқабоп экинлар ҳосилдорлигини гектарига 350 центнердан 500 центнерга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2030 йилгача 200 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш ва ушбу майдонларда озуқабоп экинлар етиштириш режалаштирилган. Келгуси йилда бу борадаги ишлар 50 минг гектар майдонда амалга оширилади.
Яйловларнинг маҳсулдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятининг саккизта туманида хорижий тажриба асосида қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли озуқабоп экинларни етиштириш йўлга қўйилади. 2030 йилга қадар республика бўйича 1 миллион гектар яйловда дронлар ёрдамида уруғ сепиш режалаштирилган.
Озуқа етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш, сақлаш, захиралаш ва истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган яхлит тизимни яратиш таклиф этилди.
Бунинг учун ҳудудларда 100 дан ортиқ озуқа марказлари ва шохобчалари ташкил этилади. Марказлар томонидан озуқани йирик ҳажмда харид қилиш, қайта ишлаш, етарли захираларни шакллантириш ва бозорга узлуксиз етказиб бериш йўлга қўйилади.
Мазкур тизим, айниқса, мамлакатимиздаги қорамолларнинг 87 фоизи боқилаётган аҳоли хонадонларини сифатли ва мақбул нархдаги озуқа билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Тақдимотда чорвачилик билан шуғулланаётган тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ҳам кўриб чиқилди.
Жумладан, 500 гектардан ортиқ ерни озуқабоп экинлар етиштириш учун ўзлаштириб, замонавий суғориш тизимини жорий этган тадбиркорларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 100 минг куб метргача сув сиғимига эга ҳавзалар қуриб бериш таклиф қилинди.
“Пивот” суғориш технологиясини жорий этиш учун ажратиладиган субсидия миқдорини ҳар бир гектарга 2,5 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача ошириш, камида 10 гектар майдонни суғоришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда ускуналар хариди харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш назарда тутилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида яйловларни ўзлаштирган тадбиркорларга ушбу майдонларнинг бир қисмида чорвачилик комплексларини қуриш имкониятини яратиш таклифи ўртага ташланди.
Қолаверса, озуқа марказларини ташкил этиш ва озуқабоп экинлар етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда қўшимча енгилликлар бериш, хорижий мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий кадрлар малакасини ошириш харажатларининг бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.
2027 йилдан Қашқадарё вилоятида синов тариқасида аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва учун озуқа харид қилиш харажатларининг 10 фоизини субсидиялаш тизимини жорий этиш таклифи билдирилди.
Соҳада илм-фан ютуқларини кенг қўллаш ва уруғчиликни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бугунги кунда озуқабоп экинлар уруғига бўлган эҳтиёжнинг 95 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда.
Қашқадарёда Миср олимлари билан илмий-тадқиқот ва уруғчилик марказларини ташкил этиш, маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли навларни яратиш ҳамда уруғ импортини босқичма-босқич қисқартириш режалари тақдимот қилинди.
Чорва наслини яхшилаш орқали гўшт ва сут етиштириш ҳажмини кўпайтиришнинг қўшимча имкониятлари кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, сунъий уруғлантириш ва юқори генетик қийматга эга эмбрионларни кўчириб ўтказиш технологияларини кенг қўллаш, ҳудудларда наслчилик хизматларини ривожлантириш, йирик хўжаликлар билан аҳоли хонадонлари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Тақдимотда назарда тутилган чора-тадбирлар ҳисобига чорва маҳсулдорлигини сезиларли даражада ошириш, қорамолларни сўйишга топширишдаги тирик вазнини 250-350 килограммдан 450-550 килограммга етказиш ҳамда қўшимча 400 минг тонна гўшт етиштириш имконияти яратилиши қайд этилди.
Президентимиз чорвачилик тармоғида барқарор ўсишни таъминлаш учун, аввало, мустаҳкам озуқа базасини яратиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илм-фан ва замонавий технологияларга таянган ҳолда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга билдирилган таклифларни пухта ишлаб чиқиш, уларни молиялаштиришнинг аниқ механизмларини белгилаш, ҳудудлар кесимида манзилли лойиҳаларни шакллантириш ҳамда ички бозорда гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.