Сунъий интеллект ва халқ дипломатияси: рақамли ҳамкорликнинг янги имконияти
Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари жаҳон тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланиб, давлатлар ўртасидаги илмий, инновацион, гуманитар ва маданий ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантирмоқда. Президент ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази фаолияти йўналишларидан бири ҳам рақамли трансформация жараёнида халқ дипломатиясининг ўрнини мустаҳкамлаш ва Ташкилотга аъзо мамлакатлар, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги мулоқотни ривожлантиришдан иборат.
Маълумки, жорий йил ШҲТнинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан СИ соҳасида амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, рақамли инновация ва замонавий технология бўйича қўшма платформаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди.
Мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида бугун Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси ҳамда “Afrasiab University” ҳамкорлигида “Сунъий интеллект даврида рақамли дипломатия трансформацияси” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Анжуманнинг асосий мақсади – ШҲТ маконида, тузилма негизи ҳисобланган Марказий Осиёда СИ соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш, рақамли дипломатия имкониятини таҳлил қилиш, эксперт, олим, ёш тадқиқотчи ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш.
“Afrasiab University” ректори Қудрат Бобохўжаев, Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси раиси Владимир Норов ҳамда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров жамият ва давлат бошқаруви тизимидаги аҳамияти кун сайин ортиб бораётган СИ технологияси йўналишида таълим, илм-фан ва амалий фаолият интеграциясини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, рақамли дипломатияни ривожлантиришда инсон омили, ўзаро ишонч, маданиятлар аро мулоқот ва халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини сақлаш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Тадбир доирасида соҳа мутахассислари томонидан СИдан фойдаланишнинг этик ва ҳуқуқий тамойили, Марказий Осиёда СИ экотизимини шакллантириш, минтақавий шериклик истиқболи, шунингдек СИнинг биродарлашган шаҳарлар ҳамкорлигини ривожлантириш имкониятига бағишланган маърузалар тингланди.
[gallery-32709]
Конференция доирасида Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, “Afrasiab Universtity” ҳамда Марказий Осиё Сунъий интеллект ассоциацияси иштирокида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Асосий маърузалар якунлангач, конференция иши ёшлар иштирокидаги икки қўшимча шўъба йиғилиши шаклида давом этди. Иштирокчилар сунъий интеллект амалда қўлланиши, рақамли дипломатиянинг янги воситалари, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда технологиянинг жамият ҳаётига таъсири каби мавзуларни атрофлича муҳокама қилдилар.
Анжуман якунида СИ ва рақамли дипломатия соҳаларида минтақавий мулоқотни изчил давом эттириш, илмий-таълим муассасалари, экспертлар ҳамжамияти ва ёш тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқот ва амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.
Конференция турли соҳа вакилларини ягона мулоқот майдонида бирлаштириб, Марказий Осиёда СИ экотизимини ривожлантириш, рақамли дипломатия имкониятидан самарали фойдаланиш ҳамда халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи янги ғоя, таклифлар учун замин яратди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати кўмагида тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА