Халқ қабулхоналарига 10 ойда 781 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш давлат идоралари фаолияти самарадорлиги ва халқ манфаатларини таъминлашнинг муҳим мезонларидан бири. Бугунги кунда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилиб, Президент Халқ қабулхоналари тизимида рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва мурожаатлар билан ишлаш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўш, 2026 йилнинг ўтган ўн ойида Президент Халқ қабулхоналарига қанча мурожаат келиб тушди? Қайси масалалар аҳолини кўпроқ ташвишга солмоқда ва уларни ҳал этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Пўлатов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.
Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда илгари сурилган ташаббуслар асосида бугунги кунда Президент Халқ қабулхоналари тизимида рақамли ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, рақамли қабуллар, «Маҳалла еттилиги» ва «Ёшлар назорати» модуллари, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизими, шунингдек, рақамли қайта алоқа хизмати шулар жумласидандир.
Бундай замонавий ёндашувлар натижасида энди фуқаро мурожаатлар жараёнининг пассив иштирокчиси эмас, балки у натижани кўради, баҳолайди ва ўз муносабатини билдира олади. Бунинг учун тизимда қайта алоқа рақамли хизмати жорий этилди. Бунда мурожаат фуқаронинг муносабатсиз назоратдан ечилмайди.
Яъни мурожаатга жавоб берилгандан кейин фуқаронинг телефонига SMS хабарнома ва махсус ҳавола юборилади. Фуқаро ушбу ҳавола орқали жавоб хати ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан танишади ҳамда розиман ёки эътирозим бор шаклида ўз муносабатини билдира олади. Фуқаро натижадан рози бўлса, мурожаати якунланади, эътироз билдирса, масала қайта кўриб чиқиш жараёнига ўтказилади.
Шунингдек, брифинг давомида Президент Халқ қабулхоналари тизимига келиб тушган мурожаатлар сони ва уларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида тизимга жами 781 792 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 810 тага ёки 0,6 фоизга камдир.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда мурожаатлар сонининг ўсиши кузатилган. Жумладан, Фарғона вилоятида 9 фоизга, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида 6 фоизга, Наманган вилоятида эса 5 фоизга ошган.
Мурожаатлар сони бўйича Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари етакчилик қилмоқда.
Аҳоли сонига нисбатан ҳисоблаганда, ҳар 10 минг нафар аҳолига ўртача 204 та мурожаат тўғри келмоқда. Мазкур кўрсаткич Тошкент шаҳри, Навоий, Сирдарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида республика ўртача кўрсаткичидан юқорилигича қолмоқда.
Мурожаатларнинг асосий қисми болалар нафақасини тайинлаш, алимент ундириш, газ баллонларини тўлдириш, моддий ёрдам ажратиш, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш, иш билан таъминлаш, даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам олиш, шунингдек, иш ҳақини ундириш масалаларига тааллуқлидир.
Хусусан, болалар нафақасини тайинлаш масаласи бўйича энг кўп ариза ва шикоятлар Қашқадарё вилоятидан келиб тушган бўлиб, уларнинг сони 8 492 тани ташкил этган. Кейинги ўринларда Самарқанд, Сурхондарё, Андижон ва Наманган вилоятлари қайд этилган.
Иш билан таъминлаш масаласи бўйича эса энг кўп мурожаатлар Навоий вилоятидан йўлланган. Ушбу йўналишда келиб тушган ариза ва шикоятлар сони 1 648 тани ташкил этган. Мазкур муаммо Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон ва Бухоро вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам долзарблигича қолмоқда.
Шунингдек, иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан келиб тушган ҳар олтинчи мурожаат Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Бу борада Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидан ҳам кўплаб эътирозлар билдирилган.
Жами мурожаатларнинг қарийб 77 фоизи қуйидаги вазирлик ва идоралар фаолиятига тааллуқли. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Марказий банк ҳамда тижорат банклари, Олий суд, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан айрим йўналишлардаги ариза ва шикоятлар сони сезиларли даражада ошган. Жумладан, ногиронлик гуруҳини ўзгартириш ёки тиклаш масаласидаги мурожаатлар 89 фоизга, суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари билан боғлиқ мурожаатлар 71 фоизга, жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатларидан норозилик билдириш мазмунидаги шикоятлар 41 фоизга, газ балонларини тўлдириш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам 41 фоизга кўпайган.
Бундан ташқари, эҳтиёжманд фуқароларга бир марталик моддий ёрдам ажратишни сўраб қилинган мурожаатлар 39 фоизга, содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан шикоятлар 36 фоизга, болалар нафақасини тайинлаш билан боғлиқ мурожаатлар эса 33 фоизга ошган.
2026 йилнинг ўтган ўн ойи давомида жамоавий характердаги мурожаатлар сони 8 308 тани ташкил этди. Бундай мурожаатлар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келиб тушган.
Жамоавий мурожаатлар сони Фарғона вилоятида 41 фоизга, Хоразм вилоятида 21 фоизга, Тошкент шаҳрида 20 фоизга ҳамда Тошкент вилоятида 16 фоизга ошган.
Ушбу тоифадаги мурожаатларда асосан ички йўлларнинг ҳолати, электр тармоқлари объектларини қуриш, таъмирлаш ва ўзгартириш, содир этилган ҳуқуқбузарликлар, иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ муаммолар, суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик, ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган ноқонуний қурилишлар, шунингдек, газ баллонларини тўлдириш масалалари кўтарилган.
Брифинг давомида мурожаатларнинг барчаси қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларга мувофиқ кўриб чиқилаётгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарида Қарши шаҳрида йўлга қўйилган тажриба асосида аҳоли мурожаатлари билан ишлашга ихтисослашган доимий ишчи гуруҳлар ва диагностика марказлари ташкил этилгани маълум қилинди. Мазкур тизим доирасида ҳудудлардаги йирик идора, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ўринбосарлари соҳавий координатор этиб белгиланиб, ишчи гуруҳлар фаолиятига жалб қилинган.
Соҳавий координаторлар Халқ қабулхоналарида фуқаролар қабулини ташкил этиш, ўз йўналишига тегишли мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш, шунингдек, соҳалардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш билан шуғулланмоқда.
Жумладан, доимий ишчи гуруҳлар томонидан жорий йилнинг июль–октябрь ойларида Президент Халқ қабулхоналарига келиб тушган 321 минг 443 та мурожаат ўрганилиб, энг кўп қайд этилган 50 та масала бўйича таҳлил ўтказилди. Натижада аниқланган тизимли муаммоларни туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида бартараф этишга қаратилган 2 198 та таклиф ишлаб чиқилди.
Айни пайтда фуқаролар билан ўтказиладиган шахсий, сайёр ва оммавий қабуллар самарадорлигини янада ошириш мақсадида рақамли қабуллар тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим қабулларни олдиндан режалаштириш, улар давомида кўтарилган масалаларни қайд этиш, ижросини назорат қилиш ва ҳар бир мурожаат бўйича якуний натижани кузатиб бориш имконини беради. Рақамли қабуллар тизими мавжуд маълумотлар таҳлили асосида қабулларни қайси ҳудудларда ташкил этиш зарурлигини белгилайди. Хусусан, қайси ҳудуд, туман ёки маҳаллада мурожаатлар сони ортиб бораётгани, муайян муаммоларнинг кўпайиши ёки раҳбарлар қабулига бўлган эҳтиёж юқорилиги таҳлил қилиниб, биринчи навбатда қабул ўтказилиши лозим бўлган ҳудуд аниқланади. Бу эса қабулларни шунчаки режалаштириш эмас, балки аҳолининг ҳақиқий эҳтиёж ва талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш имконини беради.
Шунингдек, тизим орқали фуқароларга қабулнинг санаси, вақти ва бошқа муҳим маълумотлар ҳақида хабар юбориш имконияти яратилган. 2026 йил 1 октябрдан эътиборан рақамли қабуллар жараёнига оид маълумотларни тўлиқ назорат қилиш амалиёти синов тариқасида жорий этилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА