Спорт хабарлари: Россия ва Арманистон боксчилари Тошкентда, футзалчилар баҳсида дуранг, юнон-рум курашида янги чемпионлар
10-11 ноябрь кунлари мамлакатимиз спорт ҳаёти ўзига хос мусобақалар, натижаларга бойлиги билан ажралиб турди. Айниқса, футзал бўйича Ўзбекистон-Тожикистон терма жамоаларининг ўртоқлик учрашувлари, 10 та мамлакат боксчилари пойтахтимизда машғулот ўтказишга киришаётгани, спорт кураши вакилларининг мамлакат чемпионлиги йўлида беллашувларга киришгани мухлису мутахассислар эътиборидаги воқеликлар саналади.
Футзал: Ўзбекистон-Тожикистон баҳсида муроса йўли танланди
Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида футзал бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоалари ўртасида ўтган иккинчи ўртоқлик учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси турли комбинациялар, позицион ҳужумлар туфайли устунликка эришган бўлса-да, гол киритиш борасида Тожикистон терма жамоаси омадлироқ чиқди.
Иккинчи бўлимдаги қарши ҳужумларда фаол ҳаракат қилган қўшни мамлакат вакиллари учрашув тугашига тўрт дақиқа қолганида ҳисобда олдинга чиқиб олди.
Мағлубият хавфи остида қолган жамоамиз қолган дақиқаларда эътиборни ҳужумга қаратди. Дарвозабон ўрнига бешинчи майдон ўйинчиси туширилиши ўз самарасини берди.
Ўйин якунланишига икки сония қолганида терма жамоамиз сардори Даврон Чориев рақиб дарвозасини ишғол этиши натижасида баҳс 1:1 ҳисобида дуранг билан поёнига етди.

10 та мамлакат боксчилари Тошкентда машғулот ўтказади
Жорий йилнинг 26 ноябрь - 5 декабрь кунлари пойтахтимиз Тошкентда бокс бўйича жаҳон кубогининг финал босқичи жанглари бўлиб ўтади.
Бугун, 11 ноябрдан мазкур нуфузли мусобақа олдидан пойтахтимизда Россия, Италия, Япония, Сербия, Озарбайжон, Қирғизистон, Австралия, Сингапур, Арманистон ва мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғини бошланади.
Мазкур халқаро йиғинда қатнашиш учун хорижий терма жамоаларнинг юртимизга ташрифи бошланди. Кеча тунда халқаро машғулотларда қатнашадиган Арманистон ва Россия терма жамоаси аъзолари Тошкентга етиб келди.
Юнон-рум кураши: Ўзбекистон чемпионлари аниқланмоқда
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳслари бошланди.
Кеча Ўзбекистон чемпионатининг илк кунида юнон-рум кураши бўйича 5 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Муросасиз беллашувларда ўз вазн тоифаларида Ихтиёр Ботиров, Меҳрож Баҳромов, Илёс Абдиназаров, Бекмурод Рустамов ва Беҳруз Барноев чемпионлик шоҳсупасидан жой эгаллади.
Бугун, 11 ноябрь куни яна 5 та вазн тоифасида совриндорлар аниқланади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА