Рустам Қосимжонов: Жаҳон шахмат тожи учун курашда Жавоҳирга мухлислик қиламан
Швейцариянинг Женева шаҳрида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ва Гукеш Доммаражу ўртасида Жаҳон чемпионлиги тожи ва унвони учун ўтказиладиган мусобақа бошланишига роппа-роса 10 кун қолди.
Дунёнинг энг ёш шахматчилари иштирокида ўтадиган мазкур мусобақа ва унинг натижалари, ҳар икки гроссмейстернинг устунлик жиҳатлари, имкониятлари хусусида турли фикрлар билдирилаётган бир пайтда Жавоҳир Синдоров кўрсаткичларини 50,1 фоиз кўринишида баҳолади.
Айнан шахматчимизнинг ушбу билдиргиси ва муносабатидан сўнг дунёнинг етакчи шахмат усталари қаторида собиқ жаҳон чемпиони, ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси бош мурббийи сифатида иш олиб бораётган тажрибали гроссмейстеримиз Рустам Қосимжонов Жавоҳир Синдоров-Гукеш Доммаражу баҳси, имкониятлар, миллий терма жамоамизнинг бугунги ҳолати, Нодирбек Абдусатторовнинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида биринчи рақам остида дона суриши ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Уларнинг имкониятлари ҳақидаги муҳокамалар қанчалик ҳақиқатга тўғри келиши, ўйин жараёнига қай даражада таъсир кўрсатишига у қадар ишонолмайман. Бу нисбий қарашлар холос. Синдоровнинг ўз имкониятларини 50,1 фоизга баҳолаши руҳий устунликдан далолат. Жавоҳир бу масалада кучларни 50 га 50 деб кўрсатиши мумкин эди. Таҳлилларимдан келиб чиқиб айтсам, Гукеш кучли ва жуда хавфли шахматчи. Жавоҳир ҳам шундай. Гукешнинг бир йил яхши спорт формасида бўлмагани ҳаммаси ҳал деганимас. Бундай юқори даражадаги курашда ҳар нарса юз бериши мумкин. Тўғри, Гукешнинг бир йил давомида яхши спорт формасида бўлмаганини кўрдик. Жаҳон чемпионлиги учун “жанг” мутлақо ўзига хос воқеа. Унда ҳар нарса содир бўлиши мумкин. Шундай экан, гап-сўзлар ҳақиқий курашни акс эттирмаслигини англаш керак”, дея фикр билдирган.

Шунингдек, Рустам Қосимжонов Синдоровнинг мураббийлар штабига кирмаганлиги ва мусобақани томошабин сифатида кузатмоқчи эканлиги ҳақида тўхталиб, “агар мураббийлар таркибига кирганимда, бу сир тутиладиган маълумот бўларди. Унинг ўз мураббийлари ва секундантлари бор. Мен бу матчни катта қизиқиш билан Жавоҳирга мухлис сифатида кузатмоқчиман”, дея таъкидлаган.
Қосимжонов ўзбек шахматидаги кам учрайдиган ҳолатлардан бири, Ж. Синдоров билан фақат терма жамоа доирасида ишлаганлиги, унинг индивидуал ўсишида иштирок этмаганлиги, Синдоровнинг натижалари ва рейтинги юқорироқ бўлса ҳам, шахмат олимпиадасида биринчи тахтани Абдусатторовга топшириш масаласи хусусида ҳам ўз қарашларини айтиб ўтди.
“Ҳар қандай ғалабага жамоадаги якдиллик орқали эришилади. Нодирбек Абдусатторовнинг биринчи тахтада ўйнаганининг ўзиёқ мен учун ўз-ўзидан осон қарор эмасди. Чунки бу йил Жавоҳир натижалари ва рейтинг юқорилиги сабабли олимпиадада 1-тахтада ўйнаши керак эди. Жавоҳирга тан бериш керак. Олимпиададан олдин бу мавзуда гаплашганимизда, ютуқларига қарамай, у Нодирбекни терма жамоамизнинг етакчиси, дея эътироф этди. Шу жиҳатдан, мураббий сифатида жамоа билан омадим келган. Тарихдан маълумки, кўпгина давлатларда етакчилар ўртасидаги ички рақобат туфайли керакли натижага эришилмаган. Жамоа азият чеккан. Тайёр ютуқ қўлдан бой берилган. Бизда эса йигитларнинг жипслиги, соғлом қарашлари сабабли бундай ҳолат юз бермади. Ғалабага эришдик. Шахмат тожи учун курашда ҳам муваффақиятга эришишимиз олдимизда турган энг муҳим вазифа”,
Шундай. Бугун мамлакатимиз спортида, хусусан шахматда халқаро миқёсда оламшумул ғалабаларга эришишимиз ортида жипслик, соғлом фикрлаш ва албатта чуқур таҳлил асосида қабул қилинаётган қарорлар ва албатта давлатимизнинг эътибори мужассам.
Шу маънода, айтишимиз лозимки, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий натижа туфайли қалбимизни чулғаган ишонч Женева ўтадиган Жаҳон чемпионлиги тожи ва унвони учун кечадиган курашда Жавоҳир Синдоровга катта руҳий қувват бағишлайди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА