Совун цехи фаолияти тўхтатилди
Мамлакатимизда тадбиркорларни ўз фаолиятини эмин-эркин фаолият юритишлари учун барча имконият ва шарт-шароитлар муҳайё этилган. Фақат бизнес субъектлари ўз ишлаб-чиқариш жараёнларини атроф-муҳитга ва одамларга зарар етказмаган ҳолда амалга ошириши тақозо қилинади.
Кейинги пайтларда Наманган шаҳрининнг Давлатобод туманидаги Порлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳудуддаги совун цехидан тарқалаётган бадбўй ҳидга кўп эътироз билдираётганди.

Ушбу жойда хўжалик совуни ишлаб чиқарувчи "Hao sanoat" хусусий корхонасида ваколатли органни хабардор қилиш орқали Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси – Экополиция томонидан махсус рейд-назорат тадбири ўтказилди.
Ўрганиш давомида табиатга салбий таъсири, хусусан, атмосфера ҳавосига зарарли ташламалари бўйича қатор камчиликлар аниқланди.

Лаборатория таҳлиллари асосида текширилганида кимёвий кўрсаткичлар белгиланган меъёрдан юқорилиги ҳамда экологик экспертиза талабларига оид ижобий хулоса мавжудмаслиги, чанг-газ тутувчи замонавий ускунаси, яъни, фильтр йўқлиги аниқланди. Шу сабабли объект вақтинча муҳрланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири