Соҳибқирон номини бутун ёзишга кучимиз етмаяптими?
ФОТОТАНҚИД
[gallery-28524]
Шаҳрисабз — нафақат Ўзбекистоннинг, балки инсониятнинг бебаҳо хазинаси. Унинг ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилгани шунчаки эътироф эмас, балки дунё олдидаги улкан масъулиятдир. Бу мақом шаҳардаги ҳар бир ғишт, ҳар бир битик давлат ва халқ мулки сифатида кўз қорачиғидек асралишини талаб этади. Бироқ, бугун шаҳар марказидаги хиёбонга қадам қўйган кишининг дили хуфтон бўлади. Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойидаги ёдгорлик тошига ўрнатилган ҳарфлар бирин-кетин тўкилиб тушмоқда. Бир пайтлар салобат билан яшнаб турган ёзув бугун мажруҳ ҳолатда:
“ир тeмур ҳайкали, збeкистон рeспубликаси...”
Бу шунчаки техник носозлик эмас. Бу — маънавиятимиз пойдеворига тушган дарз! Амир Темур таваллудининг қутлуғ айёми яқинлашиб келаётган бир пайтда, унинг номини эъзозлаш ўрнига, исмининг ҳарфларини ерда сочилиб ётишига йўл қўйиб бердик.
Сайёҳлар нима дейди?
Хиёбон гавжум. Германия, Италия, Жанубий Корея ва Хитойдан келган сайёҳлар ҳайкал пойида тўхтаб, ҳайрат ва афсус билан бош чайқашади.
Бир германиялик меҳмоннинг гапи юзимизга тарсаки бўлиб тушди: “Мен бу сўзларнинг маъносини тушунмадим, лекин ҳарфларнинг тушиб кетганидан англадимки, бу ерда нимадир нотўғри. Германияда бундай ҳолат юз берса, бир соат ичида бартараф этилади. Бу тарихга бўлган ҳурмат белгисидир”.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида тарихий обидадаги кичик бир шикастланиш фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади. Махсус инспекторлар ва жамоатчилик назорати тишининг кавагидаги қолдиқни ҳам сезадиган даражада ишлайди. Бизда-чи?
Мутасаддиларнинг мудраши қачонгача?
Бу муаммо ҳақида таҳририятимиз аввал ҳам бонг урган эди. Аммо масъулларнинг "қулоғи оғир" бўлиб қолган кўринади. Тошлавҳа эса жимгина чидаб турибди — яримта номи, унутилган қиёфаси ва тўкилган ҳарфлари билан бизнинг инсофимизга ҳавола қилмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: Шаҳрисабз шаҳар маданий мерос бошқармаси, ободонлаштириш департаменти ва вилоят мутасаддилари бу ҳолатни кўрмаяптими? Агар кўриб, кўрмаганликка олаётган бўлсалар — бу лоқайдлик. Агар ҳақиқатан хабардор бўлмасалар — бу ўз вазифасига нисбатан хиёнатдир!
Жаҳон мероси дегани — дунёнинг нигоҳи остида яшаш дегани. Бугун дунё бизга қараб турибди. Ва улар ҳайкал пойидаги бўшлиқларда бизнинг миллий ғуруримиз ва масъулиятимизнинг даражасини кўрмоқда.
Соҳибқирон бобомиз: “Куч — адолатда” деган эди. Адолат эса аввало ўз тарихингга, аждодларинг номига бўлган ҳурматдан бошланади. Тушиб кетган ҳар бир ҳарф — бу бизнинг маънавий кемтигимиздир. Уни тиклаш учун юбилей кутиш шарт эмас, виждон уйғонса кифоя.
Таҳририятдан: Умид қиламизки, ушбу фототанқиддан сўнг мутасаддилар уйқудан уйғонишади ва яқин соатлар ичида Соҳибқирон номи ўз жойига, тўлиқ ҳолида қайтарилади. Биз вазиятни кузатишда давом этамиз.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат),ЎзА