Янги Ўзбекистон ислоҳотлари кенг тарғиб қилинди
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда жамият тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, жойларда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, кенг жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири — Қоровулбозор тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Беш ташаббус” марказида ташкил этилди. Ушбу маънавий-маърифий тарғибот тадбири мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни янада кучайтиришга қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатнома, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2026 йил — “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилди.
Мазкур тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлинмаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилди.
[gallery-28547]
Учрашувда туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, нуронийлар, таълим ташкилотлари вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда давлат раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ислоҳотлар натижасида аҳолининг турмуш даражаси изчил юксалаётганини таъкидладилар. Шунингдек, ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида кенг маълумот берилди.
Алоҳида таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида иқтисодиётни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, рақамли технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинган.
Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар очиқ мулоқот руҳида тингланиб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
–Бугунги кунда ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тўғри ва таъсирчан етказиш энг муҳим вазифалардан биридир, –дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қоровулбозор туман бўлинмаси раҳбари Мунаввара Жумаева. –Чунки ҳар бир фуқаро мамлакатда олиб борилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлса, унда ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортади. Айниқса, маҳаллаларда ўтказилаётган бундай очиқ мулоқотлар аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
Унинг таъкидлашича, келгусида ҳам бундай тадбирларни янада кенг қамровда ташкил этиш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш орқали ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай маънавий-маърифий тадбирлар аҳолининг ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари