Сирдарёда ватанпарварлик ва бирдамлик эстафетаси
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган байроқ эстафетасининг асосий тадбирлари Сирдарё вилояти маркази — Гулистон шаҳрида кўтаринки руҳ ва юксак ватанпарварлик туйғулари остида бўлиб ўтди.
«Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» шиори остида ташкил этилган тантанали тадбир юртдошларимизни миллий ифтихор, Ватанга садоқат ва ҳамжиҳатлик туйғулари атрофида бирлаштирди.
Байрам тантаналари Ислом Каримов кўчаси бўйлаб ташкил этилган байроқ паради билан бошланиб, шаҳар марказида қад ростлаган муҳташам «Юрт байроғи» майдонига қадар давом этди. Тантанали маросимда вилоят ички ишлар органлари, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши, Миллий гвардия ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, ҳарбий фахрийлар ва куч тузилмалари ходимлари, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотларининг, шунингдек, нуронийлар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашишди.
[gallery-32558]
Эстафета доирасида минглаб ёшларни бирлаштирган югуриш марафони, ҳарбий отлиқлар юриши, автокарвон, велосипедчилар сафининг намойиши ва тантанали юришлар шаҳар кўчаларига ўзгача файз ва байрамона кайфият бағишлади. Айниқса, улкан Давлат байроғининг минглаб ёшлар ва аҳоли вакиллари томонидан шаҳар маркази бўйлаб фахр ва ифтихор билан олиб ўтилиши тадбирнинг энг таъсирчан ва ёдда қоларли лаҳзаларидан бири бўлди. Бу манзара нафақат байрамона шодиёнанинг, балки юрт тақдирига дахлдорлик, миллий бирлик ва Ватанга муҳаббат туйғуларининг ёрқин ифодасига айланди. Зеро, Давлат байроғи ҳар бир юртдошимиз учун мустақиллик, эркинлик, тинчлик ва буюк келажакка бўлган ишонч тимсолидир.
Шаҳар марказидаги «Юрт байроғи» майдонида ташкил этилган тантанали концерт дастури байрам шукуҳини янада оширди. Унда таниқли санъаткорлар, иқтидорли ёшлар иштирок этишиб, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ва саҳна чиқишлари орқали йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишладилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг байрам иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Унда Давлат байроғининг мамлакатимиз мустақиллиги, миллий ўзлигимиз, халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари ҳамда халқаро майдондаги нуфузимизнинг муҳим рамзи экани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда иштирок этган Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши етакчи мутахассиси, истеъфодаги подполковник Одил Муҳамеджанов байроқ эстафетасининг маънавий-тарбиявий аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— Давлат байроғи — бу халқимизнинг миллий ғурури, мустақиллигимиз тимсоли, ватанимиз шаъни ва қадр-қимматининг ифодасидир. Унда асрлар давомида шаклланган миллий қадриятларимиз, бугунимизга бўлган шукроналик ва келажакка қаратилган эзгу мақсадларимиз мужассам. Гулистонда ўтказилган байроқ эстафетаси давомида ана шу юксак туйғуларнинг амалдаги ифодасини кўрдик. Айниқса, минглаб ёшларнинг бир сафда жам бўлиб, улкан байроғимизни фахр ва ифтихор билан шаҳар кўчалари бўйлаб олиб ўтиши қалбимизда чексиз ҳаяжон ва ғурур уйғотди. Уларнинг кўзларидаги қувонч, юзларидаги ифтихор ва қалбларидаги Ватанга муҳаббат бугунги авлоднинг миллий ўзлигига, юрт тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этди. Ишонаманки, бундай эзгу тадбирлар ёшларимизни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юксак масъулият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаверади.
Маросимнинг энг муҳим ва рамзий лаҳзаларидан бири Давлат байроғининг Сирдарё вилояти ёшлари ва масъуллари томонидан Тошкент вилояти делегациясига тантанали равишда топширилиши бўлди. Ҳарбий оркестр садолари остида байроқчилар сафидаги йигитларнинг тантанали юриши, шунингдек, фахрийлар иштирокидаги чиқишлар маросимга янада улуғворлик ва тантанаворлик бағишлади.
Байроқ эстафетаси нафақат вилоят марказида, балки Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ҳам кенг нишонланди. Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан ҳокимлар бошчилигида оммавий юришлар, югуриш марафонлари, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда байрам концертлари ташкил этилди. Ушбу тадбирлар турли авлод вакилларини, айниқса, ёшларни ягона эзгу мақсад атрофида жипслаштирди.
Гулистондаги байроқ эстафетаси бир кунлик байрам тадбири бўлибгина қолмай, халқимизнинг миллий ғурури, Ватанга садоқати ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини намоён этган унутилмас маънавий-маърифий воқеага айланди.
Зеро, байроғимиз баланд бўлса, қадримиз баланд, бирлигимиз мустаҳкам бўлса, келажагимиз порлоқдир. Мустақиллигимиз рамзи бўлган муқаддас байроғимиз ҳамиша осмонимизда мағрур ҳилпираб турсин!
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА мухбирлари