Мурожаатлар 36 фоизга камайди: Агентлик очиқ мулоқотни кучайтиради
Жорий йилда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига жисмоний ва юридик шахслардан 165 та мурожаат келиб тушди. Шунингдек, ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш мақсадида 14 та сайёр қабул ташкил этилди. Бу ҳақда Агентлик томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга камайган. Келиб тушган мурожаатларнинг 64 таси ижобий ҳал этилган, 83 таси бўйича тушунтириш берилган, 17 таси тегишли ташкилотларга юборилган. Яна бир мурожаат кўриб чиқилмоқда.
Мурожаатлар асосан маҳсулотларни сертификатлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология, аккредитация ва стандартлар билан таъминлаш масалаларига оид бўлган.
Брифингда маълум қилинишича, ўтказилган 14 та сайёр қабулнинг 11 таси режа асосида, 3 таси режадан ташқари ташкил этилган. Учрашувларда фуқаролар ва тадбиркорларнинг муаммолари тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилган.
Агентлик келгусида мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, ҳудудларда сайёр қабуллар қамровини кенгайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни янада кучайтиришни устувор вазифа сифатида белгилаган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА