Шонли мактаб пойдевори ва истиқболи
«Сайқали рўйи замин», «Фирдавсмонанд», «Балдаи маҳфуза» дея эъзозланган Самарқанд узоқ асрлар давомида инсониятнинг маданий қатлами, илму ирфон аҳлини оҳанрабо сингари ўзига тортиб келган илм ва маданиятнинг қадимий ўчоқларидан биридир.
Кўҳна тарихнинг илк қадамларидан бошлаб жаҳонгир фотеҳлар, санъат ва маданият аҳли, толиби илму ҳикмат, тариқат ва маърифати илоҳий шайдолари интилган, талпинган, жамланган мазкур замин Исмоил ал-Бухорий, Имом Мотурудий, Ал-Марғиноний, Фазлуллоҳ Абулайс ва абулайсийлар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хўжа Аҳрори Вали сингари мўътабар сиймоларни вояга етказди. Ислом маданиятининг илк даврларидан бошлаб ўзининг илмий салоҳияти ва самарадорлиги, нуфузи билан мусулмон шарқи мутафаккирлари ва толиби илмларини жалб этган Самарқанд мадрасалари Абу Абдулло Рўдакий, Умар Хайём, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Али Қушчи каби кўплаб илм аҳли ва сўз усталарининг камол топишида жиддий омил бўлиб хизмат қилди. Уларнинг барчаси Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда «таҳсил учун Самарқанд»га келганлиги эътиборга молик бир ҳолатдир. Бу жараён, айниқса, олимлар султонию, султонлар олими Муҳаммад Тарағай Улуғбек ҳукмронлиги ва унинг даврида – 1420 йилда асос солинган мадрасайи олия фаолияти давомида кенг тус олди.
Самарқанд илми тарихида сўзшунослик, сўз нафосати қирраларини ёритишга қаратилган «илми балоға», «илми фасоҳат», «илми бадеъ», «илми аруз», «илми қавофеъ» сингари соҳа ва йўналишлар қадимий, изчил анъаналарга эга. Низомий Арузий Самарқандийнинг «Мажмаъ ун-наводир», Шайх Худойдоди Аҳмад Тарозийнинг «Фунун ул-балоға», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Муҳаммад Бадеъ Малеҳо Самарқандийнинг «Музаккири асҳоб» каби кўплаб нодир манбалар бу заминда ҳозирги адабиётшунослик фанининг илк ирмоқлари узоқ асрлардан бери камол топиб келаётганини тасдиқлайди.
Бу анъаналар адабиётшунослик, тилшунослик, матншунослик илмлари алоҳида фан сифатида шаклланган XX асрда ҳам изчил давом этди. Марказий Осиёнинг шу даврдаги энг йирик маданий ва сиёсий марказларидан бўлган Самарқанд маорифи, илмий жамоатчилиги таълимдаги ислоҳотларнинг бош бўғини бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Тарихий ҳужжатларда қайд этилишича, Самарқанд олий таълими асосини Истанбул университети битирувчиси Абдурауф Фитрат, Истанбул ва ал-Азҳар университети (Миср) битирувчиси Ғози Олим Юнусов ҳамда Улуғбек ва Шердор мадрасаларини битирган Хожи Муин, Пўлат Солиев, Мирзажон Саиджонов ва бошка зиёлилар ташкил этган. Шунингдек, таянч маълумотни Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида олган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сайидаҳмад Васлий, Вадуд Маҳмуд, Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий кабилар Самарқандда таълимнинг юқори бўғинларини ривожлантириш, филологияга оид илм ва фанларнинг замонавий фундаментал асосларини яратишда жонбозлик кўрсатдилар. Хусусан, адабиётшунослик илмининг фан сифатида шаклланиши А.Фитрат, С.Айний, А.Саъдий ва О.Шарафиддинов номлари билан боғлиқ. С.Айнийнинг “Намунаи адабиёти тожик”, А.Фитратнинг “Ўзбек адабиёти намуналари”, О.Шарафиддиновнинг икки томлик “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслик-хрестоматиялари мамлакатимизда шу соҳада яратилган илк ўқув адабиётларидир.
Таниқли шарқшунос ва навоийшунос олим Е.Э.Бертельс ўз хотираларида қайд этишича, 1930 йилнинг май-июл ойларида Самарқандда Ўзбек давлат илмий текшириш институти ходимларига Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича махсус курс ўтган. Бу даврда “Навоий ва Аттор” монографияси билан катта шуҳрат қозонган олим кейинги фаолияти давомида Самарқанд адабиётшунослиги вакиллари билан яқин илмий алоқада бўлганлиги асарларида қайд этилади.
Бироқ Самарқандда том маънодаги адабиётшунослик мактабининг шаклланиши етук олим ва мураббий - академик Воҳид Абдуллаевнинг илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолияти билан боғлиқдир. Ўтган асрнинг 40-йилларида навоийшунослик майдонига кириб келган В.Абдуллаев улуғ шоир ва мутафаккир ҳаётининг энг кам ўрганилган даврлари – Самарқанддаги ҳаёти ва адабий фаолиятини тадқиқ этишга киришди. Олим «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва Самарқанддаги адабий фаолияти» мавзсуи устида илмий иш олиб борди. Олим мазкур номзодлик диссертациясини зўр муваффақият билан ёқлади. Диссертацияда илмий фактлар асосида Алишер Навоийнинг Самарқандда тўрт йил яшаганлиги, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг қатор шоирлари ва олимлари билан ижодий алоқада бўлганлиги, олган таассуротлари кейинги бутун ижодига самарали таъсир кўрсатиб, гўзал шеърлари ва достонларига материал сифатида хизмат қилганлиги исботлаб берилган.
«Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий ва унинг Самарқанддаги таҳсил йилларига оид Воҳид Абдуллаев қаламига мансуб асарлар ўзининг кенг кўламда эканлиги, фактик материалга бойлиги, мавзу доирасининг кенглиги билан ажралиб туради. Олим улуғ шоирнинг Самарқанддаги ҳаёт шароити, яратган асарлари таҳлили билан чекланмайди. Балки Самарқандда XV асрнинг иккинчи ярми бошида мавжуд бўлган маданий-адабий муҳит тўғрисида мароқли лавҳаларни келтиради» (А.Қаюмов). «Унинг бу соҳадаги тадқиқотлари, асарлари ҳамон ўз қимматини тўла сақлаб келмоқда» (А.Ҳайитметов).
XX асрнинг 40-йилларидан бошлаб В.Абдуллаевнинг диққат эътиборини ўзбек адабиётининг кам ўрганилган ёки умуман ўрганилмаган даври муаммолари ўзига тортди. Шундай даврлардан бири XVII-XVIII асрлар ўзбек адабиёти эди. Олим машҳур шарқшунослар Е.Э.Бертельс ва С.Айний маслаҳати билан турли хил баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келаётган Хоразм воҳасидаги адабий ҳаётнинг асосан XVII-XVIII асрлардаги ҳолатини тадқиқ этишга киришди. Олим номлари ўша пайтгача унутилиш, мерослари йўқолиш ҳолатига келиб қолган ўнлаб ўзбек шоирларини, уларнинг асарларини аниқлашди, тадқиқ этди ҳамда ўзбек адабиёти тарихига олиб кирди.
Узоқ йиллар давомида Самарқандда адабиётшунослик мактабини яратишга интилган В.Абдуллаевнинг илм ва таълим соҳасидаги улкан хизматларини эътироф этган ҳолда, таъкидлаш жоизки, унинг энг катта ютуғи ўз атрофига зукко, салоҳиятли, маданий-маънавий меросимизни холис, илмий асосда баҳолай оладиган, чуқур таҳлил ва тадқиқ эта оладиган ёш кадрларни тўплаш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм осмонидаги парвозлари учун қанот, пойдевор ҳозирлаш йўлидаги тантилиги, фидойилигида намоён бўлади. Олимнинг бу фазилати кўпчилик томонидан эътироф этилган.
Устоз-мураббий Воҳид Абдуллаевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида адабиётшунослик, хусусан, ўзбек ва тожик адабиёти тарихи илми тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатган бир гуруҳ етук олимлар жамланди. Бу эса алоҳида олимларнинг фаолияти шаклида ривожланаётган адабиётшуносликнинг илмий мактаб даражасига етганлигидан далолат берар эди. Б.Валихўжаев, Н.Шукуров, С.Мирзаев, Р.Орзибеков, О.Икромов, И.Салоҳий, С.Саъдиев, С.Ҳалимов, Ш.Шукуров, Қ.Тоҳиров, А.Абдураҳмонов, Ш.Холматов каби йирик адабиётшунос, матншунос олимларнинг академик В.Абдуллаев раҳбарлигида мазкур даврдаги илмий-педагогик фаолияти Самарқанд адабиётшунослигининг юксалиш даври эди.
Академик В.Абдуллаевнинг муносиб шогирди Самарқанд адабиётшунослик мактабининг йирик вакилларидан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Ботирхон Валихўжаевнинг 1960 йилда академик В.Абдуллаев раҳбарлигида ҳимоя қилган «Ўзбекистонда адабий-танқидий қарашлар тараққиёти тарихи (XV-XIX асрлар)» мавзусидаги номзодлик диссертацияси ўзбек адабиётшунослигида катта аҳамият касб этди. Мазкур тадқиқот олимни фаннинг чинакам фидойиси, эътирофга молик салоҳият эгаси сифатида намойиш этди. Олим ушбу мавзудаги тадқиқотларини тинимсиз давом эттирди, янги далил ва маълумотлар билан бойитди ҳамда «Ўзбек адабиётшунослиги тарихи» номи билан нашр эттирди (Тошкент, 1993). Ҳозирга қадар мазкур асар олий ўқув юртларининг филология факультети талабалари учун асосий қўлланма вазифасини бажариб келмоқда.
Б.Валихўжаев ўзбек адабиётшунослигида илк маротаба эпик шеърият тарихини яхлит ҳодиса сифатида кенг қамровда тадқиқ этиши натижасида жанр ва услуб ранг-баранглиги, достоннависликнинг шаклланиши ва тараққиёт босқичлари, анъана ва новаторлик, хусусан, бадиий таржима ва назира анъаналарининг қоришиб кетиши каби масалаларнинг илмий хулосалари, мантиқий асосларини очиб берди. Олимнинг йиллар давомида олиб борган машаққатли илмий кузатишларининг ҳосиласи натижасида «Ўзбек эпик поэзияси тарихидан» (Тошкент, 1974), «Мирий ва унинг замондошлари» (ҳаммуаллиф акад.В.Абдуллаев, Тошкент, 1977) номли алоҳида нашрлар амалга ошди.
Ботурхон Валихўжаевнинг «Мирзо Улуғбек даври мадрасалари», «Самарқандда олий таълим - мадрасаи олия. Университет тарихидан лавҳалар» номли рисолаларининг мазмунида 1420 йилда таъсис этилган Мирзо Улуғбек мадрасаи олия мажмуаси олий таълимимиз тарихида алоҳида саҳифани ташкил этгани, Самарқанд давлат университети эса Улуғбек мадрасаи олиясининг бевосита вориси ва давомчиси эканлиги ўз аксини топгандир.
Олим ўзининг йирик монография ва рисолалари билан, шунингдек, теран таҳлиллар ва хулосаларга бой мақолалари билан ҳам нозиктаъб жамоат аҳли ва кенг ўқувчилар назарига тушди. Афғонистон, Туркия, Эрон, ғарб мамлакатларидан Чехия, Италия ва АҚШ нашрларида олимнинг қатор мақолалари, рисола ва монографиялари чоп этилди. Жумладан, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» мақоласи Афғонистоннинг Қобул шаҳрида ўзбек тилида чоп этиладиган «Юлдуз» ҳафтаномасининг 1982-1983 йиллардаги 24 сонида алоҳида эътироф билан мунтазам нашр этилди. «Муҳаққиқи бузурги ду адабиёт» (Душанбе, 1978), «Чакидаҳои қалам» (Душанбе, 1992), «Хоча Аҳрори Валй» (Теҳрон, 1997), «Улуғбек Мирзо даври мадрасалари» (Истамбул, 2003) каби китобларнинг хорижий нашрларда чоп этилиши адабиётшунослигимиздаги катта ютуқлардан бўлди. Бу эса заҳматкаш олимнинг ватанимиз фани тараққиётини таъминлаш ва унинг довруғи сарҳадларини янада кенгайтириш соҳасига қўшган ҳиссасидир.
Академиклар В.Абдуллаев ва Б.Валихўжаев раҳбарлигидаги Самарқанд адабиётшунослиги илмий мактаби вакилларининг тадқиқотлари натижаси ўлароқ, Шайхимбек Суҳайлий, Мавлоно Вафо - Вафойи, Мавлоно Нодир, Паҳлавонқули Равнақ, Мавлоно Роқим, Муҳаммадниёз Нишотий, Муҳаммад Хокисор, Нурмуҳаммад Андалиб, Шавқий Каттақўрғоний, Ноқис, Аҳқар, Дабирий, Очилдимурод Мирий, Ҳумулий Ургутий каби ўзбек ва форс-тожик мумтоз адабиёти тарихида ўз ўрнига эга бўлган ижод соҳибларининг ҳаёти ва адабий мероси ҳақида фундаментал тадқиқотлар майдонга келди. Мавлоно Лутфий, Фазлуллоҳ Абуллайсий, Алишер Навоий, Хўжа Аҳрори Вали, Бобо Худойдоди Вали, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Байрамхон ҳамда Марказий Осий халқлари маданияти тарихида юксак ўринга эга бўлган бошқа кўплаб олим, мутафаккир ва ижодкорларнинг янги қирралари кашф этилди. Қувонарлиси, бу анъана кейинги йилларда ҳам давом этиб, Асирий, Муҳйи, Қорий ва Садойи каби адабиётимиз тарихининг ўзига хос намояндалари ҳаёти ва адабий меросига оид янги маълумотлар мазкур мактабнинг ёш вакиллари томонидан илмий жамоатчиликка маълум қилинди.
Ўзбек адабиётшунослигининг пойдевори ўрнатилган Самарқандда устозларнинг ишларини муносиб давом эттираётган йирик олимлар раҳбарлигида бугунги кунда ҳам мумтоз адабиётимизнинг долзарб масалалари, мумтоз адабий манбаларни аниқлаш, матний тадқиқ этиш соҳасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида СамДУ мумтоз адабиёт тарихи (ўзбек адабиёти тарихи) кафедрасида саккизта докторлик ва ўттиздан ортиқ номзодлик ва PhD диссертациялари ҳимоя қилинди. Бу эса пойдевори мустаҳкам бўлган илмий мактабнинг истиқболи ёрқин эканлигидан гувоҳлик беради.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат Университети ректори Р.И.Холмурадовнинг бевосита саъй-ҳаракатлари натижасида филология факултетлари базасида Марказий Осиё халқлари тили ва маданияти институтининг ташкил этилгани айни муддао бўлди десак, адашмаган бўламиз. Бу ғоянинг тамал тоши ҳам юқорида зикр этилган устозларнинг узоқ йиллик машаққатли ва шарафли меҳнатлари заминида ўрнатилган. Ўзбек ва форс-тожик (С.Айний, А.Саъдий, В.Абдуллаев, Б.Валихўжаев, С.Саъдиев, Ш.Шукуров, Р.Воҳидов ва бошқалар), ўзбек ва туркман (В.Абдуллаев, К.Тоҳиров) халқларининг маданий ва адабий алоқалари Самарқанд адабиётшунослик мактабининг асосий тадқиқот йўналишларидан бўлган. Сўнгги йилларда ўзбек ва усмонли турк, ўзбек ва қозоқ, ўзбек ва қирғиз халқлари тили, маданияти ва адабиётидаги муштарак жиҳатлар, маданий интеграция муаммолари ва имкониятлари доирасида муҳим ва салмоқли ишлар бажарилмоқда. Айни дамда Хитой, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан таклиф қилинган йирик мутахассислар Самарқанд адабиётшунослик мактабининг янги авлоди билан ҳамкорликда бугунги мураккаб геосиёсий ва интеллектуал эврилишлар замонида умумий маданий меросимизнинг янги қирралари ҳамда жаҳоний аҳамияти, кишилик жамиятининг мустаҳкамланиши, барқарорлашуви йўлида хизмат қилиш имкониятларини тадқиқ этишда давом этмоқда. Ўйлаймизки, бу саъй-ҳаракатлар айни дамда муборак ёшини нишонлаётган Самарқанд давлат университетининг Марказий Осиё ва умуман жаҳон таълим муассасалари орасидаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшади.
Муслиҳиддин Муҳиддинов филология фанлари доктори, профессор;
Собиржон Тоҳиров, филология фанлари номзоди, доцент