Янги тараққиёт ва кенг имкониятлар сари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига навбатдаги ташрифи ҳудуд ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди.
Зеро, бугун Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, йирик инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий дастурлар замирида, аввало, инсон манфаати ва халқ фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, истиқболдаги вазифалар ҳам белгилаб берилди. Айниқса, иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноат салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини кўпайтиришга қаратилган лойиҳалар Қорақалпоғистон тараққиётининг янги босқичини белгилаб бермоқда.
Эътиборлиси, ташриф доирасида умумий қиймати 7,6 миллиард доллар бўлган лойиҳаларнинг ишга туширилиши ва янги ишлаб чиқариш қувватлари қурилишига старт берилиши ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги тобора ортиб бораётганидан далолатдир. Бу рақамлар ортида эса янги корхоналар, замонавий ишлаб чиқариш, маҳаллий кадрлар учун меҳнат имкониятлари ва минглаб оилаларнинг барқарор даромад манбалари мужассам.
Бугунги Қорақалпоғистонни кечаги Қорақалпоғистон билан таққослаганда, амалга оширилаётган ўзгаришларнинг кўлами янада яққол намоён бўлади. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилда ҳудуднинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошига келиб бу кўрсаткич 54 триллион сўмдан ошган. Бу, ўз навбатида, ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Ташрифда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга молик. Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, тиббиёт, таълим, спорт, шаҳар муҳитини ободонлаштириш каби йўналишлардаги ишлар инсон қадрини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлмоқда. Нукус шаҳрида замонавий дам олиш ва тадбиркорлик муҳитини шакллантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам бу ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Биз учун мазкур жараёнларнинг энг муҳим жиҳати ҳар бир ислоҳот ва ҳар бир инвестициявий лойиҳа инсон ҳаётида аниқ натижа касб этишидадир.
Янги корхона — янги иш ўрни, замонавий инфратузилма — аҳоли учун муносиб шароит, янги таълим имконияти — ёшлар учун мустаҳкам келажак демак. Шу маънода, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ҳар бир бунёдкорлик иши ҳудуднинг бугунги қиёфасини ўзгартириш билан бирга, унинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Биз партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, ижтимоий адолат, инсон қадри, муносиб меҳнат ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жамоатчилик билан ҳамкорликда қўллаб-қувватлашни муҳим вазифа, деб биламиз.
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи ҳудуд тараққиётининг янги уфқларини белгилаб бераётгани билан аҳамиятли. Ушбу ташриф ҳам Қорақалпоғистонни иқтисодий жиҳатдан янада қудратли, ижтимоий жиҳатдан барқарор ва инсонлар учун янада фаровон ҳудудга айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Энг муҳими, бугун Қорақалпоғистонда барпо этилаётган янги имкониятлар эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Нурлибай Қайпбергенов,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
ЎзА