Шерзод Хўжаев Нурободдаги энергетика лойиҳаси билан танишди
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев Саудия Арабистонининг "Acwa" компанияси билан ҳамкорликда барпо этилаётган қуёш фотоэлектр станцияси ва энергия сақлаш тизими қурилиши билан танишди.
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги мазкур лойиҳа доирасида умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш электр станцияси, 1336 МВт·соат сиғимли энергия сақлаш тизими, шунингдек, 500 ва 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилмоқда. Станциянинг 100 МВт қувватли биринчи қисми жорий йил сентябрь ойида ишга туширилган.
Ташриф чоғида вазир ишга туширилган станция фаолияти ва лойиҳанинг кейинги босқичларида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларини кўздан кечирди. Мажмуада қуёш панелларини қуёш ҳаракатига мос равишда йўналтириш ҳамда уларни роботлар ёрдамида тозалаш каби замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда.
Энергия сақлаш тизимларини 2027 йилнинг биринчи ярмида, станцияни эса 2027 йилнинг охирига қадар тўлиқ қувватда ишга тушириш режалаштирилган.
Шерзод Хўжаев масъулларга қурилиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш, ускуналарни ўрнатишда техник меъёрларга қатъий риоя қилиш ва лойиҳанинг барча босқичларини мувофиқлаштириб бориш бўйича топшириқлар берди.
Мазкур лойиҳа электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг энергетика тизимидаги улушини кенгайтириш ва истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, лойиҳа доирасида Марказий Осиёда илк бор қўлланилаётган техник ечимлар асосида 500 ва 220 кВ кучланишли икки занжирли электр узатиш тармоқлари қурилмоқда. Улар янги электр қувватларини ягона энергетика тизимига интеграция қилиш ва ҳудудлар ўртасида электр энергиясини узатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА