Шахмат Олимпиадаси: Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси Нидерландияни мағлуб этди
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ортда қолган 8-тури Ўзбекистон жамоалари учун ҳар жиҳатдан мураккаб кечди. Абдусатторов етакчилигидаги йигитларимиз илк бор рақибига очко тақдим этган вазиятда Афруза Ҳамдамова сардорлигидаги қизларимиз рақибларини доғда қолдирди.
Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси ушбу турда Германия жамоаси билан куч синашди.

Мураккаб ва катта руҳий босим остида кечган “жанг”ларда Нодирбек Абдусатторов Винсент Каймер билан муроса йўлини танлаган бўлса, Жавоҳир Синдоров азалий рақибларидан бири Блуебаумни мағлуб этди. 3 ва 4-тахталарда ҳаракатланган Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов эса ака-ука Фредерик ва Расмус Свейнсга имкониятни бой бериб қўйди.

Ушбу ўйинлар сарҳисобига кўра, 5-турда АҚШни, 7-турда Туркияни мағлуб этган, 6-турда Хитойга таслим бўлган Германия ҳамюртларимиздан 2,5:1,5 ҳисобида устунликка эришди.
Якунланган 8-турда Ўзбекистон-1 жамоасининг таъқибчилари саналган Ҳиндистон Озарбайжон жамоаси билан, Нидерландия Арманистон билан дуранг ўйнаган бўлса, АҚШ Сербияни 3,5:05 ҳисобида мағлуб этди. Хитой-Польша баҳсида 2,5:1,5 кўрсаткичи қайд этилди.

Олимпиаданинг аёллар мусобақасининг 8-турида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Гулдона Каримовадан иборат Ўзбекистон-1 Нидерландия вакилларини 3:1 ҳисобида доғда қолдириб, совринли ўринларга даъвогарлик мақомини мустаҳкамлади.
Мусобақалар давом этмоқда.
Т. Рўзиев, А. Мамадаминов(фото), ЎзА