Россия логистика марказига дрон ҳужум қилди
Россиянинг энг йирик бозорларидан бири ҳисобланган “Ozon” компаниясининг Адигей Республикасидаги Адигейск шаҳрида жойлашган логистика маркази дрон ҳужумига учради.
Компания маъмурияти маълум қилишича, зарба оқибатида омборда ёнғин келиб чиққан. Барча ходимлар вақтида хавфсиз жойга кўчирилгани сабабли ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳозир воқеа жойида фавқулодда хизмат ходимлари ёнғинни ўчириш ва фожиа оқибатини бартараф этиш билан шуғулланмоқда.
Ҳодиса туфайли омборда сақланган товарлар онлайн дўкондан вақтинча олиб ташланади ва харид имконияти бўлмайди. Тушган буюртманинг бир қисми бекор қилинади, қолганлари бошқа логистика марказлари орқали мижозларга етказилади.
Янги маҳсулот қабул қилиш тўхтатилиб, йўлдаги юклар бошқа мажмуаларга йўналтирилмоқда. Маълумки, “Ozon” Россиядаги энг йирик электрон тижорат майдончаларидан бири сифатида банк, тезкор етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш тармоғига ҳам эга.
Украина Мудофаа вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан баёнот бериб, “Ozon” логистика марказига зарба бериш амалиёти бошланганини айтди. Таъкидланишича, “икки хил мақсадга мўлжалланган товарлар” сақланадиган бундай омборларга берилаётган зарба логистика занжирини издан чиқаради ва Россия иқтисодиётига бевосита таъсир кўрсатади.
Аввалроқ “Wildberries” бозорининг 15 йирик хаби нишонга олингани, энди эса навбат “Ozon” нуқталарига келгани таъкидланган. Август-сентябрь ойларида корхонанинг Самара, Ростов, Белгород, Саратов вилоятларидаги омборлари дрон ҳужумига учраган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА