Қозоғистондан Тожикистонга транзит қилинаётган прекурсорлар тўхтатиб қолинди
ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида тегишли рухсатномасиз олиб ўтилаётган кимёвий моддаларнинг транзити тўхтатилди.
Маълум бўлишича, «Сариосиё» чегара божхона постида Қозоғистондан йўлга чиққан ва ушбу мамлакат фуқароси бошқарувидаги «Volvo» русумли юк автомобили текширувдан ўтказилганда, ҳужжатларда қайд этилмаган 1 тонна 245,5 килограмм сирка кислотаси ангидриди аниқланган.
47 та полиэтилен идишга жойланган мазкур прекурсор Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга транзит тарзда олиб ўтилиши режалаштирилган.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА