Бир ватан, бир халқ, бир байроқ!
Наманганда Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан кенг кўламдаги маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, мамлакатимиз байроғи тасдиқланганининг ўттиз беш йиллигига бағишлаб, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасида "Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!" шиори остидаги тадбир ташкил этилди.
Унда бюро бошқармаси ходимлари ҳамда Наманган шаҳридаги 20-умумтаълим мактабининг ўқувчилари иштирок этишди.

Эътироф этилганидек, давлат рамзлари ҳар бир халқнинг миллий ўзлиги, ғурури ва мустақиллигини ифода этувчи муқаддас тимсоллардир. Айниқса, давлат байроғи она Ватанга муҳаббат, садоқат ва фахр туйғуларини ўзида мужассам этган улуғвор рамз ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон байроғи юртимиз мустақиллиги, халқимизнинг миллий ғурури ва шаъни тимсоли саналиб, унда элимизнинг бой тарихи, эзгу орзу-интилишлари, тинчлик ва осойишталикка бўлган интилиши мужассам.

Шу маънода, ушбу тадбир давлат рамзларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада юксалтириш, ходимлар ва ёш авлод қалбида Ватанимизга муҳаббат, миллий ғурур ҳамда фахр туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбир давомида ҳозиргача қабул қилинган байроқлар тарихи, ушбу бебаҳо рамзнинг мазмун-моҳияти, унинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Давлатимиз байроғи шунчаки ранглар уйғунлигидан иборат рамз эмас. У истиқлолимиз, миллий ўзлигу бирлигимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимизни ифода этади, – дейди Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси инспектори Ҳумоюнмирзо Абдуллаев. – Ҳар бир фуқаро, айниқса, ёш авлод қалбида байроғимизга нисбатан ҳурмат ва ифтихор туйғуси шаклланиши муҳим. Зеро, давлат рамзларини эъзозлаш – юртни эъзозлаш демакдир.

Маънавий-маърифий кеча ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий дастур ила янада кўтаринки ва мазмунли кечди. Янги Ўзбекистонни мадҳ этувчи шеърлар, дилтортар қўшиқлар, бадиий чиқишлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Айниқса, ёшларнинг байроғимизга бўлган меҳр-муҳаббати ва ҳурматини ифода этган чиқишлари иштирокчиларда илиқ таассурот уйғотди. Дарҳақиқат, давлат рамзларини эъзозлаш, уларнинг тарихий ва маънавий аҳамиятини ёш авлод онгига сингдириш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Тадбир якунида бошқарма томонидан мактаб ўқучиларига китоблар жамланмаси ва ташаккурномалар топширилди. Бинобарин, осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз бирдам бўлса, байроғимиз ҳамиша баланд ҳилпирайди. Давлат байроғига бўлган ҳурмат – бу Ватанга бўлган ҳурмат ифодасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири