Қонун лойиҳаси: Солиқ кодексига муҳим ўзгаришлар киритилди
Қуйи палата мажлисида тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Таъкидландики, лойиҳа тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, солиқ имтиёзларини қўллаш механизмларини соддалаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва даромадларини ошириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Солиқ кодексининг 57-моддасига киритилаётган ўзгартиришга мувофиқ, юридик шахсларни қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси сифатида эътироф этишда участкалардан иккиламчи ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш ҳолати ҳам инобатга олинди.
Шунингдек, умумий ўрта таълим ташкилотларида фойдаланиш учун ваколатли давлат органи томонидан тавсия этилган ўқув-методик мажмуа ва бошқа ўқув материалларини тайёрлайдиган корхоналар томонидан мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш бўйича қоидалар Солиқ кодексига мувофиқлаштирилиб, уларнинг ушбу фаолиятдан олинган даромадларининг жами даромадларидаги улушига 90 фоизлик чегаравий миқдор киритилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси солиқ имтиёзларидан фойдаланиш натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобига тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси ошиши, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг даромадларини ошириш ҳамда инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Муҳокамаларда кўтарилган қатор савол ва таклифлар юзасидан масъулларнинг жавоблари тингланди ва қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА