Миграция йўналишида 19 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда
Республикамизда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бунда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда қўшимча қулайликлар яратиш муҳим омил саналади.
Бу борада Миграция ва персоналлаштириш департаменти томонидан бугунги кунда 19 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Эндиликда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга янада қулайлик яратиш мақсадида Миграция ва персоналлаштириш департаментига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш ваколатини бериш назарда тутилмоқда.
Шу каби тартибларни ўзида акс эттирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш муддатлари ҳам аниқлаштирилмоқда. Хусусан, амалдаги қонунчиликда ойлар билан белгиланган муддатлар кунлар ҳисобида ифодаланади. Бунга сабаб ойлар 28, 29, 30, 31 кундан иборат бўлгани боис давлат божи ставкасини аниқлашда турлича ёндашувлар ҳамда кўплаб эътирозлар юзага келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига кириш визасининг амал қилиш муддатида турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик, шунингдек, виза муддати узайтирилган даврда рўйхатдан ўтказишни узайтирганлик учун давлат божи ставкалари ва рўйхатдан ўтказиш муддатини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.
Бу - рўйхатдан ўтказиш муддатларини ҳисоблашда аниқликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқинларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширишига йўл қўймаслик, миграция соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш ҳамда қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА