Қашқадарёлик 14 нафар тадбиркор ўз ҳисобидан икки йилда мактаб ва маҳаллаларда 60 миллиард сўмлик спорт иншоотлари қуриб берди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Ҳозирда олимпия спорт турлари бўйича 26 та федерациянинг ҳар бирига вазирлар ва республика ташкилотлари раҳбарлари бошчилик қилмоқда. Ўтган йили вилоят ҳокимлари жойларда олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Президент вакили этиб белгиланди.
Йиғилишда қайд этилганидек, соҳа мутасаддилари, ҳокимлар, 26 та федерация раҳбари 207 та олийгоҳ, 15 та олимпия ва паралимпия маркази, 310 та спорт мактаби, 16 та спорт интернатига бориб, раҳбарлари ва жамоасига чемпион тайёрлаш, олимпиадага лицензия олиш бўйича шароит қилиб берганида ҳозирги ютуқлар янада юқори бўлиши мумкин эди.
Масалан, Зарбдор туманида ўтган йили 23 та маҳалладаги 34 минг ёш оммавий спортга жалб этилди. Туманда 3 та янги спорт зали қурилиб, стол тенниси, таэквондо ва волейболга ихтисослашди. Бундан ташқари, тадбиркорлар билан биргаликда 2 та усти ёпиқ футбол майдони, фитнесс клуби ташкил қилинди.
Инфратузилма яхшилангани учун Зарбдор тумани илк бор волейбол ва стол тенниси бўйича жорий йилги Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилади.
Ёки қашқадарёлик 14 нафар тадбиркор ўз ҳисобидан икки йилда мактаб ва маҳаллаларда 60 миллиард сўмлик спорт иншоотлари қуриб берди.
Қолган туманларда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ишлари сустлиги, ҳокимларнинг мусобақалар ўтказиш ва умуман спортга бефарқлиги танқид қилинди. Зарбдор тажрибасини ўрганиш ва барча ҳудудларда жорий қилиш топширилди.
ЎзА