Ўзбекистон ноолимпия спорт турлари конфедерациясини ташкил қилиш таклифи маъқулланди
Йиғилишда жойларда 39 та очиқ ва ёпиқ спорт иншооти таъмирталаб бўлгани боис, тўлиқ фойдаланилмай тургани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга бу жойларни замонавий спорт мажмуаларига айлантириш учун қулай шартларда хусусий шерикликка бериш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Бугун 100 мингдан ортиқ ёшлар олимпия ўйинига кирмаган спорт турлари билан доимий шуғулланяпти. Улар дзюдо, спорт курашлари, таэквондо, қиличбозлик, оғир атлетика каби олимпия спорт турлари учун тайёр захира экани таъкидланди.
Спорт вазирлиги ва ҳокимларга спорт мактабларида ёшлар қизиқадиган ноолимпия спорт турлари бўйича ҳам секциялар фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ноолимпия спорт турлари конфедерациясини ташкил қилиш таклифи маъқулланди.
–Шу ўринда яна бир масалага тўхталмоқчиман: ўтган ҳафта янги қонунни қабул қилиб, ҳар бир вазир, федерация раҳбари, ҳокимни жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги масъулияти, мажбурияти ва жавобгарлигини аниқ белгилаб қўйдик. Бундан буён ушбу раҳбарлардан талаб ҳам, сўров ҳам шунга яраша бўлади, – деди Президентимиз.
Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари соҳа раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботларини тинглади, тадбиркор ва спортчилар билан мулоқот қилди.
ЎзА