Қадимий меъморчилик ва миллий санъат маскани
Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган «Жоме» меъморий мажмуаси бой тарихи, миллий меъморчилик анъаналари ва ҳунармандчилик салоҳиятини ўзида мужассам этган масканлардан бири. Бугун ушбу тарихий мажмуа нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Мажмуа XIX аср охирида нуфузли кишилардан Муҳаммадалибой ташаббуси билан таниқли меъмор уста Исахон Муҳаммад Мусо ўғли лойиҳаси асосида Фарғона водийси меъморчилик мактаби анъаналарига мувофиқ барпо этилган. Ўзига хос меъморий ечимлари, гумбазлари, хонақоҳи ва кўплаб хоналарни бирлаштирган иншоот ўша давр меъморчилик санъатининг диққатга сазовор намуналаридан ҳисобланади.
Тарихнинг турли даврларида мажмуа таълим маскани, турар жой ва омборхона сифатида фойдаланилган. Кейинчалик таъмирланиб, маданий маскан сифатида қайта фаолият юрита бошлаган. Бугун бу ерда тарихий муҳит, миллий қадриятлар ва замонавий қулайликлар ўзаро уйғунлашган.
Мажмуа ҳудудида ташкил этилган амалий санъат ва бадиий ҳунармандчилик маркази ҳам ташриф буюрувчилар эътиборини тортмоқда. Бу ерда миллий услубда тайёрланган эсдалик совғалари, қўл меҳнати маҳсулотлари ва турли ҳунармандчилик буюмларини учратиш мумкин.
Ҳар бир буюмда халқимизнинг бой маданий мероси, миллий диди ва асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналари акс этади. Ҳунармандлар томонидан яратилаётган маҳсулотлар миллий амалий санъатнинг ўзига хос жиҳатларини намоён этиш билан бирга, уни кенг тарғиб қилишга ҳам хизмат қилади.
[gallery-31938]
Шу боис «Жоме» мажмуасига ташриф буюрган сайёҳлар бу ерда тарихий меъморчилик намуналари билан танишиш баробарида, андижонлик ҳунармандларнинг ижоди, миллий ҳунарларнинг ўзига хос хусусиятлари ва халқимизнинг бой маданий мероси ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА