Ўтмишдан сўзловчи маънавият маскани
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи халқимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маънавий меросини ўзида мужассам этган масканлардан бири. Унда сақланаётган ноёб осори-атиқалар, қадимий қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва санъат асарлари аждодларимизнинг ҳаёти, маданияти ҳамда дунёқарашидан ҳикоя қилади.
Узоқ тарихга эга музей бугун тарихий меросни асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, миллий қадриятларни келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим илмий-маърифий муассаса сифатида фаолият юритмоқда.
Айни пайтда музей фондида 156 мингдан зиёд экспонат сақланади. Шундан 50 мингдан ортиғини қамраб олган археология бўлимида илк палеолит давридан XV асргача бўлган тарихни ёритувчи топилмалар жамланган. Далварзинтепа, Эйлатан ва Мингтепа каби қадимий манзилгоҳлардан топилган ашёлар Андижон воҳасининг қадимги тарихи ва маданий тараққиётини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.
Музейнинг қўлёзмалар фондида 1,5 мингга яқин нодир қўлёзма ва тошбосма китоблар мавжуд. Уларда тарих, табобат, фиқҳ ва бошқа соҳаларга оид қимматли маълумотлар жамланган.
[gallery-31921]
Шунингдек, музей хазинасидан мингдан зиёд рангтасвир ва графика асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари ҳамда миллий ҳунармандчилик буюмлари ўрин олган. Кулолчилик, каштачилик, заргарлик ва ёғоч ўймакорлиги намуналари халқимизнинг юксак бадиий диди, бой ижодий салоҳияти ва асрлар давомида шаклланган ҳунармандчилик анъаналарини намоён этади.
Кейинги йилларда музейда амалга оширилган реконструкция ишлари ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ташриф буюрувчилар учун янада қулай шароит яратиш, экспозицияларни намойиш этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА