Параосиё ўйинларида навбатдаги рекордлар ва медаллар шодаси!
Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган V Параосиё ўйинларининг 21 октябрь кунги дастури ҳам Ўзбекистон делегацияси вакиллари учун сермаҳсул бўлди. Кун давомида параспортчиларимиз медаллар шодаси билан бир қаторда, жаҳон ва қитъа ҳамда Параосиё ўйинлари рекордларини янгилади.
Пара енгил атлетика баҳсларида вакилларимиз бир неча бор шоҳсупага кўтарилди.
Жумладан, T36 классида 400 метрга югуришда Достон Қаҳҳоров 54,42 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди. F41 классида ядро улоқтиришда Бобуржон Омонов 13,07 метр, F37 классида диск улоқтиришда Қудратиллохон Маъруфхўжаев 57,39 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди.
Кумуш медалларга F56/57 классида диск улоқтиришда 25,12 метр натижа кўрсатган Моҳигул Шаробиддинова ҳамда T37 классида узунликка сакрашда 4,39 метр натижа қайд этган Сабина Суханова сазовор бўлди.
Бронза медалларини T13 классида узунликка сакрашда 6,24 метр натижа кўрсатган Ботир Муҳаммедов, T64 классида баландликка сакрашда 1,86 метр натижа қайд этган Темурбек Ғиёсов, T37 классида узунликка сакрашда 4,12 метрга сакраган Шаҳина Азимова ва T11 классида 100 метрга югуришда 12,73 сония натижа кўрсатган Асила Мирзаёрова қўлга киритди.

Пара пауэрлифтинг баҳсларида Ўзбекистон вакиллари 3 та олтин ва 1 та бронза медални жамғарди. Эркаклар ўртасида 80 килограмм вазн тоифасида беллашган Бекзод Жамилов 229 килограмм натижа билан ғолиб бўлди. Аёллар ўртасида 67 килограмм вазн тоифасида Рухшона Ўктамова олтин медалга сазовор бўлди.
73 килограмм вазн тоифасида Рўза Қўзиева 152 килограмм натижа билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ушбу вазн тоифасида иштирок этган Қудратой Тошпўлатова эса 130 килограмм натижа билан бронза медални қўлга киритди.
Пара сузиш мусобақаларида S13 классида 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича аёллар ўртасида Муслима Одилова 1 дақиқа 12,99 сония натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Эркаклар ўртасида шу масофада Егор Болотов 58,43 сония натижа билан ғолибликни тантана қилди.
S9 классида 400 метрга эркин усулда сузишда Диас Мирманов 4 дақиқа 32,18 сония натижа билан бронза медални қўлга киритди.
Паравелоспортнинг шоссе йўналишида T1–2 классидаги вақт пойгасида Маржона Пардабоева 25 дақиқа 58,04 сония натижа билан олтин медалга эришди. Шу йўналишда Одилa Ҳамдамова кумуш, Жаҳонгир Халилов эса бронза медаль билан тақдирланди.

B классидаги тандем вақт пойгасида Робияхон Тошпўлатова пилот-спортчи Ольга Забелинская билан биргаликда кумуш медални қўлга киритди. C1–C5 классидаги вақт пойгасида Бунёд Ҳайитмаҳаммадов ҳам маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медалга сазовор бўлди.
Пара дзюдо баҳсларида Довуржон Кароматов J2 классида -95 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Шу классда +70 килограмм вазнда Моҳинур Пармонова кумуш, Ҳабиба Жўраева эса бронза медалга сазовор бўлди.
J1 классида +95 килограмм вазн тоифасида беллашган Исломжон Тўхтабоев кумуш медални қўлга киритди. +70 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Феруза Эргашева эса мусобақани бронза медаль билан якунлади.
Пара таэквондо баҳсларида аёллар ўртасида +65 килограмм вазн тоифасида Гулжаной Наимова олтин медалга сазовор бўлди. Эркаклар ўртасида +80 килограмм вазн тоифасида беллашган Умаржон Мўйдинов кумуш медални қўлга киритди.

Бронза медалларга аёллар ўртасида +65 килограмм вазн тоифасида Каромат Қосимова, эркаклар ўртасида -80 килограмм вазн тоифасида Отабек Аматов ҳамда +80 килограмм вазн тоифасида Асадбек Тоштемиров эга чиқди.
Бугунги баҳслар Ўзбекистон вакиллари учун рекордларга бой бўлди. Хусусан, пара пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасида 73 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Рўза Қўзиева 152 килограмм натижа билан жаҳон рекордини ўрнатди. Пара сузишда Егор Болотов 58,43 сония натижа билан Осиё рекордини янгилади.
Шунингдек, пара енгил атлетикада Достон Қаҳҳоров 400 метрга югуришда 54,42 сония, Бобуржон Омонов ядро улоқтиришда 13,07 метр ва Қудратиллохон Маъруфхўжаев диск улоқтиришда 57,39 метр натижа билан Параосиё ўйинлари рекордларини ўрнатди.
Шу тариқа, V Параосиё ўйинларининг бугунги кунги баҳсларидан сўнг Ўзбекистон делегацияси 29 та олтин, 30 та кумуш ва 30 та бронза, жами 89 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Мусобақа жадвалида Хитой 226 та медаль (107 та олтин, 62 та кумуш, 57 та бронза) билан пешқадамлик қилмоқда. Япония делегацияси эса 100 та медаль (29 та олтин, 36 та кумуш, 35 та бронза) билан иккинчи ўринни эгаллаган.
Ўзбекистондан кейинги ўринларда Жанубий Корея — 46 та, Ҳиндистон — 62 та, Таиланд — 62 та, Эрон — 58 та, Қозоғистон — 37 та, Индонезия — 38 та ва Ироқ — 12 та медаль билан қайд этилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси «Ханчжоу–2022» Параосиё ўйинларида 79 та медаль (25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 та бронза) билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаган эди. “Аичи–Нагоя–2026” мусобақаларида эса ҳамюртларимиз ушбу натижадан ошиб, Параосиё ўйинлари тарихидаги энг яхши медаллар натижасини янгиламоқда. Беллашувлар ҳали давом этаётгани ва олдинда бир қатор баҳслар борлигини инобатга олсак, делегациямиз жамғарган медаллар сони янада ортиши кутилмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА