Ўзбекистон Параосиё ўйинларидаги медаллар рекордини янгилади
"Аичи–Нагоя–2026" V ёзги Параосиё ўйинларида пара пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари делегациямиз ҳисобига яна икки медални келтирди.
Гап шундаки, аёллар ўртасида 73 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган Рўза Қўзиева 152 килограмм натижа билан жаҳон рекордини ўрнатди ва олтин медални қўлга киритди. Яна бир ҳамюртимиз Қудратой Тошпўлатова 130 килограммгача натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.
Пара таэквондо бўйича +80 кг. вазн тоифасида Асадбек Тоштемиров бронза медаль билан тақдирланди. Айни дамга келиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар 24 та олтин, 29 тадан кумуш ва бронза, жами 82 тага етди. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида учинчи ўринда бормоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси «Ханчжоу–2022» Параосиё ўйинларида 79 та медаль (25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 та бронза) билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаган эди. “Аичи–Нагоя–2026” мусобақаларида эса ҳамюртларимиз ушбу натижадан ошиб, Параосиё ўйинлари тарихидаги энг яхши медаллар натижасини янгиламоқда. Беллашувлар ҳали давом этаётгани ва олдинда бир қатор баҳслар борлигини инобатга олсак, делегациямиз жамғарган медаллар сони янада ортиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА