Ўзбекистонда қабул қилинган ҳужжат БМТ даражасидаги ҳужжат мақомини олди
Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг «Самарқанд нигоҳи - 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг расмий ҳужжати мақомига эга бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев шу ҳақда сўзлаб берди:
– Бу воқеа, бир томондан, “Самарқанд руҳи”нинг навбатдаги халқаро эътирофи бўлса, иккинчи томондан, Самарқанд форумининг якуний ҳужжатида акс этган долзарб вазифаларни бажариш имкониятларини тубдан кенгайтириши билан ғоят аҳамиятлидир.

БМТнинг А/81/444-рақамли айни ҳужжати нуфузли халқаро ташкилот иш олиб борадиган 6 та расмий тилга ўгирилди ва эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, ушбу ҳужжатнинг дунё миқёсида кенг тарқалишига хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишлари, жумладан, халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш, тенгсизликни камайтириш, инклюзия ва тенг имкониятларни таъминлаш, рақамли ва табиий муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича истиқболдаги долзарб ҳамда муҳим вазифалар белгиланган.
Ҳужжатда таъкидланганидек, биз 2040 йилга бориб, халқаро шартномалар ва универсал стандартларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида самарали ҳурмат қилинадиган, ҳимоя қилинадиган ва амалга ошириладиган дунё сари янада сезиларли тараққиётни кўришга интиламиз.
Шу муносабат билан халқаро инсон ҳуқуқлари тизими универсаллик ва тенглик; халқаро ҳуқуқ ва стандартларни миллий миқёсда жорий этиш; ижтимоий адолат ҳамда қашшоқлик ва тенгсизликни камайтириш; инклюзивлик ва тенг имкониятлар; рақамли ва табиий муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; можаро ва инқироз вазиятларида инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш; халқаро бирдамлик ва кўп томонлама ҳамкорлик асосида мустаҳкамланиши лозим.
«Самарқанд нигоҳи - 2040» ҳужжатининг асосий тамойиллари ва устувор йўналишлари доирасидаги муҳим вазифалар ижросини мониторинг қилиб бориш мақсадида индикаторлар тизимини ишлаб чиқиш, ҳамкорлик учун Самарқанд рақамли платформасини яратиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, ҳужжат қоидаларини миллий стратегиялар ва режаларда ҳисобга олиш, ихтиёрий равишда ахборот ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Айтиб ўтиш керакки, Самарқанд форумига бағишланган 200 тадан ортиқ ахборот, шу жумладан, халқаро экспертларнинг чиқишлари, юқори даражадаги учрашувлар, мавзули муҳокамалар, илгари сурилган ташаббуслар ҳамда эришилган натижаларга оид материаллар миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида 8 тилда эълон қилинди.
Жумладан, 9 та телекўрсатув ва 7 та радиоэшиттириш бевосита форум тафсилотларига бағишланди. Бу борада миллий оммавий ахборот воситаларидан – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА), «Дунё» ахборот агентлиги, «Халқ сўзи», «Янги Ўзбекистон», «Правда Востока», Gazeta.uz, UzDaily каби нуфузли нашрлар пешқадам бўлди.
Форумни Мисрнинг Эл-Дамеэр ва Al-Diplomasy, Корея Республикасининг Кореа Пост, Туркманистоннинг Arzuw NEWS ва Туркменпортал, шунингдек, Terra News, Спутник Узбекистан сингари хорижий оммавий ахборот воситалари изчил ёритди.
Н.Абдураимова, ЎзА