Халқаро рейтинг: Ўзбекистон қонун устуворлиги индексида юқорилади
Мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз натижаларини кўрсатаётгани халқаро миқёсда ҳам кўп бора эътироф этилмоқда. Хусусан, турли йўналишлардаги қатор халқаро рейтинг ва ўлчовларда Ўзбекистоннинг ўрни ва даражаси ижобий томонга юқорилаб бораётгани эътиборга молик.
Барқарор ривожланиш маркази директори Элёржон Саминов ЎзА мухбирига мамлакатимизнинг Қонун устуворлиги индекси ва унда Ўзбекистоннинг ўрни ҳақида батафсил маълумот берди:
— Жаҳон одил судлов лойиҳаси — World Justice Project (WJP) ташкилоти 2026 йил 21 октябрда Қонун устуворлиги индексини эълон қилди. 2026 йилги Қонун устуворлиги индекси дунё мамлакатларидаги ҳуқуқий тизимлар ҳолатини баҳолаш имконини беради. Индекс 143 та мамлакат ва ҳудудни қамраб олиб, қонун устуворлигини саккизта асосий йўналиш бўйича баҳолайди.
Ушбу индекс орқали қонун устуворлигини таъминлаш борасида жаҳондаги умумий вазият қандай ўзгараётгани, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бу жараёндаги ўрни ҳақида батафсил билишимиз мумкин.
Ҳисоботга кўра, дунё мамлакатларининг 62 фоизида қонун устуворлиги кўрсаткичлари пасайган. Глобал миқёсда ҳуқуқий тизимлар билан боғлиқ мураккаб тенденциялар кузатилаётган бир шароитда Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни қандай ва мамлакат натижалари нималарни англатади?
Қонун устуворлиги ҳуқуқий давлат ва адолатли жамиятнинг асосий тамойилларидан биридир. У давлат органлари фаолиятининг қонунга мувофиқлигини, инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини, одил судлов ва давлат бошқарувида ҳисобдорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Ҳисоботга кўра, 2026 йилда мамлакатларнинг 62 фоизида қонун устуворлиги кўрсаткичлари пасайган, 38 фоизида эса яхшиланган. Бу салбий тенденция кетма-кет тўққизинчи йил кузатилмоқда. Дунё бўйича умумий кўрсаткич ўртача 0,5 фоизга пасайган.
Рейтингда Дания 0,90 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Норвегия 0,89 балл билан иккинчи, Финляндия 0,87 балл билан учинчи бўлди. Қуйи ўринларда эса Конго Демократик Республикаси, Мьянма, Судан, Никарагуа, Камбоджа, Гаити, Афғонистон ва Венесуэла каби мамлакатлар қайд этилган.
Йил давомидаги ўзгаришлар ҳам мамлакатлар ўртасидаги фарқни кўрсатади. Масалан, Латвия қонун устуворлиги бўйича умумий кўрсаткичини 1,6 фоизга, Тринидад ва Тобаго 1,2 фоизга яхшилаган. Аксинча, Гаитида кўрсаткич 5,6 фоизга, Танзанияда 3,6 фоизга пасайган.
Ҳисоботда давлат ҳокимияти ваколатларини чеклаш, очиқ ҳукумат ва асосий ҳуқуқлар каби йўналишлардаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳолат қонун устуворлигини таъминлаш нафақат ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, балки уларнинг амалда самарали ишлашига ҳам боғлиқлигини кўрсатади.
Минтақа ва Ўзбекистон кўрсаткичлари. 2026 йилги индексда Ўзбекистон 0,50 балл билан 143 та мамлакат орасида 79-ўринни эгаллаб, умумий кўрсаткич бир йилда 0,3 фоизга яхшиланган. Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ўртача балл ҳам 0,50 ни ташкил этди. Демак, Ўзбекистоннинг умумий натижаси минтақавий ўртача кўрсаткичга тенг.
Минтақа мамлакатлари натижалари бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Грузия ва Черногория 0,57 баллдан тўплаган бўлса, Қозоғистоннинг кўрсаткичи 0,53, Қирғизистонники 0,45, Россияники эса 0,40 баллни ташкил этган.
“Тартиб ва хавфсизлик” йўналишида Ўзбекистон 0,90 балл билан 143 та мамлакат орасида 15-ўринни эгаллади. 2025 йилдаги 17-ўрин билан таққослаганда, икки поғонага ўсиш кузатилди. Коррупциянинг мавжуд эмаслиги йўналишида 0,48 балл билан 65-ўринни эгаллади. Бу 2025 йилдаги 0,47 балл ва 67-ўринга нисбатан ижобий ўзгаришдир.
Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятда ишонч муҳитини шакллантириш билан бевосита боғлиқ. Қонунлар барча учун бирдек амал қилган шароитда тадбиркорлик ривожланиши, инвестициялар учун ишончли муҳит яратилиши ва ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланиши учун имкониятлар кенгаяди.
WJP ҳисоботида ҳам қонун устуворлиги иқтисодий фаровонлик, тинчлик ва инвестициявий ишонч билан боғлиқ экани таъкидланган. Бу ҳуқуқий институтларнинг самарадорлиги нафақат давлат бошқаруви, балки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти учун ҳам муҳимлигини англатади.
Ўзбекистоннинг 2026 йилги натижалари қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ҳолатни халқаро мезонлар асосида баҳолаш ва келгуси вазифаларни белгилаш имконини беради. Бунда давлат органлари ҳисобдорлигини ошириш, очиқликни кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва одил судлов самарадорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлиги адолатли жамият, самарали давлат бошқаруви ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим ҳуқуқий асосидир. У инсон қадрини таъминлаш, жамиятда ишончни мустаҳкамлаш ва келажак авлодлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилади. Шу маънода, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.