Ўзбекистон халқ артисти Саидкомил Умаровнинг 80 ёшлик юбилейи нишонланди
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актёри Саидкомил Умаров 80 ёшни қаршилади.
Шу муносабат билан Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев Ўзбек Миллий академик драма театрига ташриф буюриб, устоз санъаткорни қутлуғ таваллуд айёми билан самимий табриклади.
Шунингдек, Маданият вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, Саидкомил Умаров «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирлангани эълон қилинди.
Тантанали тадбир доирасида актёр иштирокидаги «Сизсиз ўтмас кунларим» спектакли намойиш этилди.
Саидкомил Умаров 1971 йилдан буён Ўзбек Миллий академик драма театрида самарали фаолият юритиб келмоқда. Қарийб 55 йиллик ижодий фаолияти давомида театр саҳнасида 100 дан ортиқ бетакрор образ яратган. «Отелло», «Абай», «Қароқчилар», «Зебунисо», «Юлдузли тунлар», «Абулфайзхон», «Ўткан кунлар» ва «Мирзо Улуғбек» каби спектаклларда турли характер ва тақдир эгаларининг образларини маҳорат билан гавдалантирган.

Санъаткор кино ва телевидение соҳасида ҳам муносиб ижодий из қолдирган. «Узоқ ва яқин йиллар», «Йўл бўлсин», «Лафз», «Паноҳ» каби фильмларда суратга тушган. Шунингдек, «Гули ва Навоий», «Бобур», «Кеча ва кундуз», «Оловли йўллар» каби телефильмларда ҳам турли образларни маҳорат билан ижро этган.
Саидкомил Умаровнинг кўп йиллик самарали ижоди ва миллий санъат ривожига қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилган. У 1989 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 2000 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонларига, 2014 йилда эса «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор бўлган.
Н.Усмонова,
ЎзА