Ўзбекистон ва Туркия ёшлар стартапларини биргаликда ривожлантиради
Бугунги кунда дунёда технология ва таълим энг тез ривожланаётган, ҳар қандай мамлакатнинг келажагини белгилаб берувчи асосий кучга айланди. Ҳозирги шиддатли даврда ўзбекистонлик ёшлар учун халқаро майдонда янги имкониятлар эшиги очилмоқда.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва Туркия технология жамоаси жамғармаси (T3 Foundation) раҳбари Элван Кузучу ўртасидаги учрашув айнан шу мақсадга — иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва стартап экотизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Мулоқот давомида ёшларни робототехника, замонавий технологиялар ва муҳандислик йўналишларида ўқитиш, шунингдек, Туркия тажрибаси асосида Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган “Билим Тошкент” таълим ва технологиялар маркази фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва ёш мутахассисларни тайёрлаш, 2027 йилда Ёшлар ишлари агентлигининг “Startup Fest” фестивалини ҳамкорликда ташкил этиш, Туркиянинг “TEKNOFEST” фестивалида Ўзбекистон вакиллари ва ёшлар жамоалари иштирокини кенгайтириш ва мамлакатимизда “Take Off” халқаро стартап танловини ўтказиш имкониятларини ўрганиш бўйича келишиб олинди.

Ёшлар ишлари агентлиги ва Туркиянинг "T3 Foundation" жамғармаси ўртасидаги ушбу ҳамкорлик ўзбек ёшлари учун глобал технологик майдонга чиқиш чиптасидир. Мазкур мулоқот давомида белгилаб олинган истиқболли режалар яқин келажакда мамлакатимизда юқори технологиялар, инновацион таълим ва стартап экотизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА