Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари Бухоронинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдилар
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Арк қўрғони, Пои Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари билан танишдилар.
Арк қўрғони Бухоронинг қадимий қалъаси бўлиб, қарийб 1500 йил давомида ҳукмдорлар қароргоҳи сифатида хизмат қилган. Унинг дастлабки бинолари милоддан аввалги IV-III асрларга мансуб бўлиб, ҳозирги кўриниши асосан XVI асрда шаклланган. Илгари у саройлар, маъмурий бинолар, қуролхонани ўз ичига олган “шаҳар ичидаги шаҳар” бўлган. Ўрта асрларда бу ерда Рудакий, Ибн Сино ва кейинчалик Умар Хайём каби буюк мутафаккирлар яшаб, ижод қилгани қайд этилди.

Пои Калон мажмуаси Бухоронинг энг улуғвор ва машҳур меъморий ансамблларидан бири сифатида тожикистонлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. У 1127 йилда қурилган машҳур 45,6 метрли минора, 1514 йилда барпо этилган ва 12 минг кишини сиғдира оладиган жоме масжиди, шунингдек, ислом оламининг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Мир Араб мадрасасини ўз ичига олади. Масжид ҳовлисини ўраб турган 288 та гумбазли галерея, юзлаб устунлар ва ноёб акустика мажмуага алоҳида улуғворлик бағишлайди.

Лаби Ҳовуз ансамбли Бухорода сақланиб қолган ўрта асрларга оид саноқли майдонлардан бири бўлиб, унинг марказида қадимий ҳовуз жойлашган. Асрлар давомида шаҳар аҳолиси бу ерга дам олиш, суҳбатлашиш ва савдо қилиш учун келган. Мажмуа таркибига Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳи киради.

Тожикистон етакчиси ҳар бир тарихий обиданинг бадиий уйғунлиги, миллий ҳунармандчилик намуналари ва тарихий экспонатларга катта қизиқиш билдирди. Олий мартабали меҳмонга меъморий услубнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, нақшлар ва рамзларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.



Бухоронинг бой тарихи, Буюк ипак йўлидаги ўрни, илм-фан ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи бу қадамжолар Тожикистон делегациясида чуқур таассурот қолдирди.