Ўзбекистон ва Тожикистон: сиёсий ироданинг иқтисодий мезони
Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсат стратегиясида ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Бу ҳолат тарихий, геосиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар омиллар ҳамда хавфсизлик масаласи билан узвий боғлиқ. Тошкент учун минтақа шунчаки ташқи сиёсат йўналиши эмас, балки мамлакат ички тараққиёти барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий геосиёсий макондир.
Сиёсий фанлар доктори Умид Маҳмудов Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари мавзусига тўхталаркан, икки қардош юрт раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади. Дарҳақиқат, бугунги кунда алоқаларимиз савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва маданий-гуманитар йўналишларни қамраб олган.
Глобал ўзгаришлар жадаллашиб, минтақавий муҳит тобора мураккаблашиб бораётган шароитда давлатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабати алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бундай ҳамкорлик нафақат мавжуд таҳдидларни бартараф этиш, балки бутун минтақа барқарорлигини таъминлашда муҳим омилга айланган. Ҳозирги босқичда, айниқса, иқтисодий алоқалар янги мазмун касб этган. Анъанавий савдо муносабати ўрнини босқичма-босқич саноат кооперацияси ва инвестициявий шериклик эгалламоқда. Бу иқтисодий интеграция чуқурлашаётганидан далолат. Маълумотга кўра, 2017-2025 йилларда товар айирбошлаш ҳажми 3,8 баробар ўсиб, 238 миллион доллардан 912 миллион долларга етди. Саноат, энергетика, электротехника, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда қўшма лойиҳалар изчил амалга оширилаётгани мазкур ижобий суръатни далиллайди.
Шунга қарамай, ҳали иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти тўлиқ намоён бўлгани йўқ. Таҳлилларга кўра, Тожикистон бошқа ўлкалардан олаётган айрим маҳсулотларни Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулоти билан алмаштириш орқали ўзаро савдони яна 30-40 фоиз ошириш имкони мавжуд. Шу боис томонлар савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бу йўлда саноат кооперациясини кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Барибир, иқтисодий ҳамкорлик таркиби сифат жиҳатидан ўзгараётгани диққатга сазовор. Аввалги алюминий, энергия ресурслари, пахта, кўмир каби хом ашёга асосланган савдо ўрнини юқори қийматга эга кимё саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тўқимачилик, машина ва ускуналар ҳамда озиқ-овқат эгалламоқда.
Минтақавий ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. Яъни, ҳамкорликни чуқурлаштириш қўшилган қиймат занжирини шакллантириш ва минтақада рақобатбардошликни оширишга хизмат қилади.
Сўнгги саккиз йилда Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти қарийб 2,5 баробар ўсиб, 520 миллиард долларга етди. Ташқи савдо икки карра ортиб, 253 миллиард долларга кўтарилди. Минтақа давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми ҳам икки баробар кўпайиб, қарийб 11 миллиард долларга етди, ўзаро инвестиция 5,6 марта ошди.
Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан савдо айланмаси кўрсаткичи 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилга келиб 7,2 миллиард долларга чиқди. Қўшма корхоналар сони 1800 дан ошди. Республикамизда Тожикистон капитали иштирокидаги корхоналар ўн йил аввал атиги 23 та эди, бугунги кунда 340 тага етган.
Қишлоқ хўжалиги ва маиший техника ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳалар изчил кўпаймоқда. Айниқса, Тожикистоннинг хом ашё базаси ва Ўзбекистоннинг технологик имконияти уйғунлигида тўқимачилик саноатида самарали кооперация модели шаклланган.
Глобал таъминот занжиридаги узилиш ва логистика тизимидаги беқарорлик шароитида бундай ҳамкорликнинг аҳамияти янада ортмоқда. Минтақада ишлаб чиқариш алоқалари мустаҳкамланиши иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилига айланди. Ягона ишлаб чиқариш ва технологик макон шаклланиши ташқи иқтисодий зарбаларга нисбатан таъсирчанликни камайтиради, импортга қарамликни қисқартиради ҳамда ички бозорларда нарх барқарорлигини таъминлайди. Бундай интеграция истиқболли тармоқларга сармоя жалб этиш учун ҳам қўшимча имконият яратади.
Бугунги кунда Марказий Осиё саноати ўртача йиллик 6 фоиз ўсишни намоён этмоқда. Жаҳон ўртача суръатидан икки баробар юқори айни кўрсаткич янги ишлаб чиқариш кооперация турлари шаклланаётгани билан изоҳланади.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида саноат кооперацияси кўлами кенгайиши бошқа давлатлар бозорига йўл очмоқда. Айниқса, Афғонистон ва Жанубий Осиё мамлакатлари юқори демографик ўсиш суръати ва иқтисодий ривожланиш тенденцияси билан ажралиб туради. Демак, мазкур ҳудудларда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб тизимли равишда ўсиб боради. Натижада Ўзбекистон ва Тожикистон умумий саноат кооперацияси нафақат ички иқтисодий самарадорликни оширади, балки экспорт салоҳиятини кенгайтириш орқали янги ташқи бозорларни ўзлаштирадиган муҳим механизмга айланади.
“Яшил” тараққиёт йўналишидаги ҳамкорлик стратегик устувор вазифалардан биридир. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш иқтисодий интеграциянинг янги босқичини бошлаб бермоқда. Айни жараёнда саноат корхоналаримизнинг Тожикистонда қуёш ва шамол электр станциялари барпо этиш бўйича технологик ҳамкор ва етказиб берувчи сифатида иштирок этаётгани ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласида ҳам икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Минтақа давлатларининг айрим маҳсулотлар импортига боғлиқлигини ҳисобга олсак, бу йўналишда сезиларли синергетик самарага эришиш имкони мавжудлиги аёнлашади.
Шу нуқтаи назардан чегара олди ҳудудларда ишлаб чиқариш ва логистика занжирини мустаҳкамлаш орқали агросаноат кластерлари ташкил этиш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Чегара олди савдо зоналари ва халқаро саноат кооперацияси марказлари фаоллашуви кичик ва ўрта бизнес учун янги имкониятлар яратмоқда. Масалан, Туркманистон билан “Шовот – Тошовуз” савдо ҳудуди ҳамда Қозоғистон билан ташкил этилган халқаро саноат кооперация маркази иқтисодий интеграция суръатини жадаллаштирди.
Мутахассислар фикрича, тоғ-органик деҳқончилик, қуруқ мева ва сабзавотни қайта ишлаш, сут-гўшт ва чорвачилик кластерини ривожлантириш логистика харажатини камайтириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини сезиларли даражада ривожлантиради.
Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишга қаратилган қўшма дастурлар амалга ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, пахтачиликдан юқори даромадли экинлар – ёнғоқ, бодом, резавор мева, доривор ўсимликлар ҳамда усти ёпиқ ерда етиштириладиган сабзавотга босқичма-босқич ўтиш, шунингдек узумчилик ва боғдорчиликни ривожлантириш қўшимча иқтисодий имкониятлар яратади.
Экспорт салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун транспорт-логистика тизимини диверсификация қилиш зарур. Хусусан, “Фотиҳобод – Ойбек” чегара-ўтказиш манзили негизида амалга оширилаётган лойиҳалар каби янги қуруқлик портлари, митти модал марказлар ташкил этиш шериклик кўламини янада кенгайтирмоқда.
Умуман, Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлиги анъанавий савдо модели доирасидан чиқиб, саноат кооперацияси, инвестициявий шериклик ва технологик интеграцияга асосланган янги босқичга ўтмоқда. Бундай трансформация минтақавий иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтиради, қўшилган қиймат занжирини шакллантиради, импортга қарамликни камайтириб, ташқи иқтисодий хатарларга нисбатан чидамни оширади.
Энергетика, агросаноат ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорлик эса иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланиб, нафақат икки давлат тараққиёти, балки минтақавий ва глобал иқтисодий майдонда рақобатбардошликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Мусулмон Зиё, ЎзА