Осиё чемпионати: 7 ёшли Муҳаммадюсуф россиялик шахматчини мағлуб этди
Бугун, 7 октябрь куни Россия Федерациясининг Тула вилоятида шахмат бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилаётган 20-Осиё чемпионатининг 8-тур мусобақалари бўлиб ўтади.
12 та мамлакатнинг ёш ақл гимнастикачилари дона сураётган мазкур қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадюсуф Баҳромов 7 ёшгача бўлганлар ўртасидаги бугунги 8-тур мусобақасида шри-ланкалик Садеш Тешан Фернандо билан рўбарў келади.
Ортда қолган 7-тур баҳсида иқтидорли шахматчимиз оқ доналарда россиялик Роман Яновскийни мағлуб этди ва 6 очко жамғариб, 2-поғонадаги ўрнини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди.

8-тур ўйинлари остонасида ҳиндистонлик Дхаранипатия Хималан 6,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 3-ўринни 5 очко тўплаган туркманистонлик Хангелди Муратов банд этиб турибди.

Бугунги турда шунингдек, чемпионатда етакчилик қилаётган ҳиндистонлик Дхаранипатия мусобақада 5 очко билан 4-ўринда ҳаракатланаётган қозоғистонлик Алинур Бауюрхан билан, 3-ўринни соҳиби Хангелди Муратов россиялик Роман Яновский билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат Осиё чемпионати мусобақалари эртага 8 октябрь куни якунланади.
Т. Рўзиев, ЎзА