Шахмат: 7 ёшли Муҳаммадюсуф Баҳромов Осиё чемпиони!
Россия Федерациясининг Тула вилоятида шахмат бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида якунланган 20-Осиё чемпионатида 7 ёшли шахматчимиз Ўзбекистон номини улуғлади.
Бугун, 8 октябрь куни қитъа биринчилигининг 9-турида 7 ёшли Муҳаммадюсуф Баҳромов оқ доналарда россиялик Владимир Караев билан куч синашди.
Муросасиз кечган баҳсда истеъдодли шахматчимиз Баҳромов 7 ёшгача бўлганлар орасида 5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 5-ўринда бораётган россиялик рақибини мағлуб этди.

Ушбу ғалаба туфайли кучлилар орасида 9 имкониятдан 8 очко жамғарган Муҳаммадюсуф Баҳромов Осиё чемпионлигини қўлга киритди.
Ўз навбатида, сўнгги турда россиялик Роман Яновскийни доғда қолдирган Дхаранипатия Хималан 7,5 очко билан кумуш медалига, 7 очко жамғарган қозоғистонлик Алинур Бауюрхан бронза медалига эга чиқди.

Ёш шахматчимизнинг мазкур ғалабаси юртимизда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев сингари Янги Ўзбекистон шахматининг олтин авлодининг муносиб издошлари етишиб келаётганлигини кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, 20-Осиё чемпионатида Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон сингари бир қатор давлатларнинг 270 нафардан зиёд шахматчи ёшлари совринли ўринларга даъвогарлик қилган вазиятда Ўзбекистон терма жамоаси 1 нафар иштирокчи билан қатнашиб, чемпионлик шоҳсупасидан ўрин эгаллади.
Т. Рўзиев, ЎзА