Оилалар мустаҳкамлиги йўлида
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябрь ойида Андижон вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, оила билан боғлиқ мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ижобий ҳал этишнинг самарали тизими – “Андижон тажрибаси”ни ишлаб чиқиш бўйича вазифа ва топшириқлар берган эди.
Ана шу вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Андижонда «Оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича Андижон тажрибаси» мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Каттахонова, республика ташкилотлари масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган соҳа мутасаддилари иштирок этди.


Оила – жамиятнинг асосий бўғини, қолаверса, ҳар бир инсон учун унинг оиласи энг муқаддас маскан ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш жамиятимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан.
Юртимизда, хусусан, Андижон вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамасдан вилоятда оилавий ажримларнинг қайд этилаётганлиги кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солмоқда.
Андижонда оила, оилавий ажримлар билан боғлиқ ана шундай кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этиш бўйича аниқ режа ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, муайян тизим шакллантирилди.


Семинар давомида иштирокчилар Андижон вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, низоли оилалар билан манзилли ишлаш ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида йўлга қўйилган янгича тизим ва амалий механизмлар билан яқиндан таништирилди.
Семинарда «Андижон тажрибаси»ни республиканинг барча ҳудудларида кенг оммалаштириш ва жорий этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири