“Бир миллион дарахт” акцияси ўтказилди
“Юксалиш” ҳаракати атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ғояларини тарғиб қилиш мақсадида 2019 йилдан буён мамлакатнинг турли ҳудудларида “Бир миллион дарахт” акциясини ўтказиб келинмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Нукус шаҳридаги республика эндокринология диспансерида ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг кўмагида ташкил этилган тадбирда акцияни ўтказиш бўйича ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур ташаббуснинг мақсади, атроф муҳитни ҳимоя қилиш, ҳудуд гўзаллигини янада орттириш, табиатнинг софлигини сақлаш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, акцияда нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, шунингдек республика эндокринология диспансери жамоаси фаол иштирок этди. Тадбир доирасида 100 дона манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари олиб борилди.

—Ушбу экилган кўчатларнинг кейинги парваришлаш ва мазкур ҳудудни обод сақлашни республика эндокринология диспансери жамоаси ўз зиммасига олди, — дейди “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Тажибай Романов. — Амалга оширилаётган мазкур акция ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшибгина қолмай, жамиятда экологик онг ва табиатга эҳтиёткорона ёндашув каби қадриятларни шакллантиради. Турли авлод вакилларини, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни жалб қилиш орқали бу ташаббус барқарор келажак учун мустаҳкам асос бўлади.

Мазкур акция ҳудудларни кўкаламзорлаштириш билан бирга жамиятда экологик онгни ошириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш ҳамда яшил ва тоза табиат учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири