“ЎФФ Президенти кубоги”: саралаш баҳсларига старт берилди
Пойтахтимизда ҳаваскор жамоалар ўртасида мини футбол анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “ЎФФ Президенти кубоги” мусобақасининг 2026/2027 йилги мавсумига старт берилди.
Бугун эрта тонгдан Тошкент ахборот технологиялари университети спорт залида мусобақанинг саралаш босқичи доирасидаги илк учрашувлар бошланди.
Мазкур мусобақа ҳаваскор спортчиларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шунингдек, иқтидорли спортчиларни кашф этишга хизмат қилади.
Саралашнинг биринчи босқичида 36 та жамоа иштирок этмоқда. Улар икки кун давомида кейинги босқич йўлланмалари учун ўзаро баҳс олиб боради.
Дастлабки учрашувларданоқ жамоаларнинг ғалабага бўлган интилиши, майдондаги шиддатли кураш ва спортчиларнинг фаоллиги мусобақага ўзига хос кўтаринки руҳ бағишламоқда. Ҳар бир жамоа ўз маҳоратини намойиш этиб, кейинги босқичга чиқиш учун бор имкониятини ишга солмоқда.
[gallery-32154]
Учрашувлар якунига кўра, саралашнинг навбатдаги босқичида иштирок этадиган жамоалар номи маълум бўлади.
Мусобақанинг иккинчи босқич баҳслари 31 октябрь куни ўтказилиши режалаштирилган.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА