Навоийда яйловлар ва чорвачиликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда
Навоий вилоятида яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, деградациянинг олдини олиш ҳамда чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган республика миқёсидаги кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи асосида ташкил этилган ушбу тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоят ҳокимликлари, банк масъуллари ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган йирик чорвадор тадбиркорлар иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар Конимех туманида бўлиб, “Кенгсой” ҳудудида ўзлаштирилаётган 4 минг гектар яйлов майдонлари, озуқа экинларини суғориш учун барпо этилган сунъий сув омбори ҳамда “ПИВОТ” усулидаги сув тежовчи технологиялар билан танишдилар.
Семинар иштирокчилари Қизилтепа туманидаги “Silver fermer” фермер хўжалигида бўлишди. Бу ерда уларга чўл ва яйлов ерларини ўзлаштириш ҳамда замонавий сув тежовчи технологияларнинг қўлланилиш жараёни намойиш этилди.

Ушбу хўжалик томонидан 2025 йилда 232 гектар майдондаги фойдаланилмаётган яйлов ерлари ўзлаштирилган эди. Бу ерда сув ресурсларини тежаш ва юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида ҳар бири 58 гектар майдонни қамраб олувчи 4 та ёмғирлатиб суғориш ускунаси ўрнатилиб, ғалладан мўл ҳосил олинди. Семинар иштирокчиларига ушбу тажриба бўйича маълумотлар берилди.
Жараёнлар “Янги аср” фермер хўжалигига қарашли сутни қайта ишлаш заводида давом этди. Бу ерда иштирокчилар фермер хўжалигининг “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида амалга ошираётган ишлари билан тақдимот ва видеоролик орқали танишишди. Жараёнда чўлли майдонларни ўзлаштириш, уларда ёмғирлатиб суғориш технологиялари асосида турли экинлар етиштириш бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Бугунги кунда тумандаги чўлли ҳудудларда нафақат яшил майдонлар яратиш, экинлар экиш ишлари олиб борилмоқда, балки йирик комплекслар ҳам қурилмоқда Жумладан, Консурун маҳалласидаги 30 гектар майдонда “Чорвачилик микромаркази” барпо этилди. 37,7 миллиард сўмлик комплекс тўлиқ қувват билан ишга тушгач, бу ерда 5000 бошгача чорва моллари парваришланади. Ҳудуддаги 110 нафар фуқаро доимий ва даромадли иш ўрни билан таъминланади.
Иштирокчилар лойиҳанинг иккинчи босқичи бўйича тақдимот билан танишдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири