Чорвачиликни ривожлантириш имкониятлари ўрганилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида чорвачилик тармоғини ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари — Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Жаҳонгир Ҳотамов туманга ташрифи давомида «Аҳмадий» чорвачилик хўжалиги ҳамда «Оҳунжон Маъмуров» чорвачилик комплекслари фаолияти билан танишди.

Мазкур объектларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида бажарилаётган ишлар, чорвачиликни ривожлантириш имкониятлари ва истиқболдаги вазифалар кўздан кечирилди.

Ташриф давомида чорва молларини парваришлаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Зеро, чорвачилик комплекслари фаолияти самарадорлигини ошириш ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари таклифини кўпайтириш ва аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, комплексларнинг ишлаб чиқариш қувватлари, мавжуд ресурслардан фойдаланиш ҳолати ва келгуси режалари юзасидан масъуллар билан фикр алмашилди. Соҳадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф давомида чорвачилик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва тармоқ салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири