Наманганда яширин омбордан 23 мингдан зиёд дори воситаси топилди
Наманган шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс ўзига тегишли хонадонда яширин омбор ташкил этиб, дастлабки қиймати 3,3 миллиард сўмдан ортиқ сифати кафолатланмаган дорилар сақлаётгани аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Божхона, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Янги Наманган туманидаги «Мингтерак» маҳалласидаги хонадон кўздан кечирилганда:
— хорижда ишлаб чиқарилган 156 турдаги камёб дорилар топилган;
— уларнинг умумий сони 23 432 бирликни ташкил этади;
— мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилган дориларнинг қиймати эса 3,3 млрд сўмдан ошади.
Ҳозирда контрафакт экани гумон қилинаётган дорилар процессуал тартибда олиб қўйилиб, уларнинг хусусиятини аниқлаш учун экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
Харидор учун хулоса:
Ҳар қандай дори воситаларининг қимматлиги унинг сифати кафолатланганини англатмайди. Дорининг нархи ёки хорижда ишлаб чиқарилганига қарабгина унинг сифати ҳақида хулоса чиқарманг.
ЎзА