Ваучер тизими бандликни таъминлашнинг замонавий механизмига айланмоқда
Аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, таълим хизматлари бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида жорий этилган ваучер тизими ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларига оид таҳлилий кўрсаткичлар мазкур механизм аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим драйверига айланганини кўрсатмоқда. Ҳисобот даврида фуқароларни касбга тайёрлаш учун жами 129 910 та ваучер ажратилган.
Тизимнинг ижтимоий йўналтирилганлиги ва гендер тенгликни таъминлашдаги ўрни рақамларда яққол акс этмоқда. Жумладан, ажратилган ваучерларнинг 83,1 фоизи ёки 107 973 таси хотин-қизлар ҳиссасига, 21 937 таси эса эркаклар улушига тўғри келади. Шунингдек, дастур қамровининг 40,9 фоизини (53 120 нафарини) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этгани меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган авлод учун кенг имкониятлар яратилаётганидан далолат беради. Бугунга қадар 95 310 нафар фуқаро ўзига маъқул таълим ташкилотини танлаган бўлиб, улардан 53 958 нафари ўқишни муваффақиятли тамомлаб, тегишли малакага эга бўлди.
Айни пайтда 15 986 нафар тингловчи ўқишни давом эттирмоқда, 3 849 нафари эса машғулотлар бошланишини кутмоқда. Турли сабабларга кўра ўқишдан четлаштирилганлар сони эса 21 517 нафарни ташкил этган.
Ваучер тизимининг энг муҳим ютуқларидан бири — касбий таълим соҳасида давлат монополиясидан воз кечилиб, хусусий сектор иштирокининг кескин кенгайганидир. Айни вақтда республика бўйича 726 та таълим муассасаси тасдиқланган реестрга киритилган бўлиб, уларнинг 416 таси профессионал таълим ташкилоти, 301 таси нодавлат таълим муассасаси, 8 таси касбий кўникмалар маркази ва 1 таси Олий бизнес мактаби ҳисобланади.
еестрда нодавлат таълим ташкилотларининг улуши 41,5 фоизга етган бўлса-да, тингловчилар танлови бўйича улар етакчиликни қўлга олган — 43 180 нафар фуқаро айнан хусусий ўқув марказларида таълим олишни маъқул кўрган. Профессионал таълим ташкилотларида 38 625 нафар, касбий кўникмалар марказларида 12 619 нафар ва Олий бизнес мактабида 886 нафар фуқаро ўқишга жалб этилган. Ҳудудлар кесимида таълим инфратузилмасининг ривожланиши бўйича Андижон (74 та), Наманган (68 та), Самарқанд (67 та) ва Фарғона (65 та) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (67 та) энг юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Таълим йўналишлари таҳлили аҳоли орасида ўзини ўзи банд қилиш ва қисқа муддатда даромад топиш имконини берувчи амалий касбларга талаб юқори эканини кўрсатмоқда. Тизим доирасида мавжуд 41 та йўналиш орасида замонавий пардалар тикиш (42 117 та ваучер, 120 соат) мутлақ пешқадам бўлиб, жами танловларнинг қарийб учдан бир қисмини банд этган. Иккинчи ўринда массажчилик (20 361 та ваучер, 120 соат), учинчи ўринда эса рақамли иқтисодиёт талабларига мос компьютер графикаси мутахассиси (11 597 та ваучер, 240 соат) йўналиши бормоқда. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги мерчандайзер (8 739 та, 36 соат), аёллар сартароши (7 371 та, 144 соат), компьютер техникаси монтажчиси (6 672 та, 144 соат), карвинг санъати устаси (5 965 та, 72 соат), ўрта малакали бухгалтер (4 788 та, 184 соат), пайвандловчи (4 309 та, 120 соат) ҳамда видеомонтажчи (3 568 та, 120 соат) касблари энг харидоргир йўналишлар ўнталигидан жой олган.
Умумлаштириб айтганда, ваучер тизими фуқароларга таълим муассасаси ва касб йўналишини мустақил танлаш эркинлигини бериш орқали ўқув марказлари ўртасида сифат учун рақобатни кучайтирди. Бу эса бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш билан бир қаторда, ишсиз аҳолини реал меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган касб-ҳунарларга йўналтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
ЎзА