Миллат ғурури, маънавиятимизнинг бетакрор жавоҳири
Дунёда шундай бебаҳо бойликлар борки, уларсиз бирор-бир миллатнинг мавжудлигини, унинг ўтмиши ва келажагини тасаввур этиб бўлмайди. Бу бойлик она тилидир. Тил - миллатнинг руҳи, тарихи, маданияти, қадриятлари ва дунёқарашини ўзида мужассам этган кўзгу.
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотларнинг вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Табрикда эътироф этилганидек, инсон айнан тил орқали ўзини англайди. Она тилимизда халқнинг эзгу орзу-интилишлари мужассам.
Тантанали кеча Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди.
Мустақиллигимиз сари дастлабки қадамлар қўйилган давр, яъни 1989 йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани мамлакатимиз тарихидаги энг буюк маънавий ғалабалардан бири бўлди. Бу кун наинки байрам, балки ўзлигимизни англаш, аждодлар меросига эҳтиром кўрсатиш ва миллий ғурур, маънавият кунидир.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақилликнинг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирида сўзлаган нутқидан видеолавҳа намойиш этилди. Чиндан ҳам мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди. Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур. Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодир Жонузоқ жорий йилнинг 21 октябрь куни Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзолангани она тилимизга бўлган юксак эътибор намунаси эканини, ушбу ташаббус натижасида йиллар давомида баҳсларга сабаб бўлаётган масалага ечим топилганини таъкидлади.
[gallery-32097]
Ўзбек тилининг илдизлари асрлар қаърига бориб тақалади. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асаридан тортиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг юрак туғёнларигача, Аҳмад Яссавий ва Навоий наволаригача бўлган бой маънавий мерос айнан шу тилда яратилди. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ўзбек тилининг чексиз имкониятларини, бойлиги ва жозибасини бутун дунёга исботлаб берди.
Тадбирда Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ойбек, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сиймолари сунъий интеллект ёрдамида акс эттирилган лавҳа она тилимиз равнақи йўлида боболаримизнинг заҳматли интилишларини намоён этгани билан аҳамиятли бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат тилини ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш ва халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари билан 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ олий минбаридан ўзбек тилида нутқ сўзланиши тилимизнинг халқаро даражада тан олинишида тарихий воқеа бўлди. Ўзбекистоннинг ТДТга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кириши туркий тиллар оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг халқаро миқёсда ўрганилиши ва нуфузи ошишига кучли туртки берди. Халқаро Алишер Навоий олимпиадалари ва илмий анжуманлар орқали хорижда ўзбек тилига бўлган қизиқиш мунтазам рағбатлантирилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий мамлакатларнинг фавқулодда ва мухтор элчилари видеотабриги ҳам тақдим этилди.
Юртимизда она тилимизни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар расмий ҳужжатларнинг тўлиқ давлат тилида, адабий тил меъёрларига мос ҳолда юритилишини таъминламоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди.
Давлат тилини замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига интеграциялаш мақсадида махсус Сунъий интеллект платформаси ва ўзбек тилидаги овозли ёрдамчилар устида иш олиб борилмоқда, йирик лойиҳалар рақамли ва босма шаклда тайёрланмоқда. Глобал тармоқда ўзбек тилидаги сифатли илмий, маданий ва маърифий контентларни кўпайтириш, Википедия ва бошқа йирик платформаларда ўзбекча мақолалар салмоғини ошириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбек тили байрамига бағишланган мусиқий оқшомда мамлакатимизда истиқомат қилаётган хорижий фуқароларнинг ўзбек тилига муносабатлари акс эттирилган чиқишлар, ранг-баранг куй-қўшиқ ва композициялар намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов иштирок этди.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари