Японияда янграган она тилим (+видео)
Ушбу мақола кун чиқар юртда ўзбек тилини ўрганаётган ёшлар, миллий маданиятимизни тарғиб қилаётган санъат ихлосмандлари ва она тилимизни янги авлодга ўргатаётган фидойи устозлар ҳақида ҳикоя қилади.
Баъзан она тили қадрини чуқурроқ англаш учун Ватандан узоқлашиш керакдек, назаримизда. Зеро, ҳар куни оддий қабул қилинадиган сўзларни минглаб километр нарида, бегона юртда эшитсангиз, юрагингиз бошқача уради. Бир оғиз самимий калом, таниш оҳанг, она тилида айтилган оддий жумла ҳам кишини болаликка, она меҳри билан уйғун юртга қайтаради.
Бугун мен Японияда яшаб, таҳсил олаётган ўзбек талабаси сифатида бу туйғуни тез-тез ҳис қиламан. Юртдан олисда Ватан фақат харитадаги ҳудуд эмаслигини янада теран англайсиз. Бу – оила, яқинлар, болалик хотираси, она тилида айтилган дуо ва қалбга сингиб кетган қадрият.
Шу боис япон заминида ўзбекча сўзлаётганни учратиш оддий воқеа эмас. Бошқа миллат вакиллари тилимизни меҳр билан ўрганиши, миллий куй-қўшиқларимизга қизиқиши, рақсларимизни ижро этиши, маданиятимизни тарғиб этишга интилиши эса кишини юз чандон қувонтиради.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида Токиода ана шундай инсонлар билан учрашдим. Уларни тинглар эканман, миямга бир фикр ўрнашди: бирор миллат тилини севиш учун ўша жойда туғилиш шарт эмасдек. Инсонни бошқа халқ тили томон етаклайдиган йўл мусиқа, санъат, дўстлик ёки саёҳатдан бошланиши мумкин. Кейинчалик эса шу қизиқиш умрга татигулик маънавий эҳтиёжга айланади.
Ҳақиқат – қиёсда
JDS гранти билан Японияда магистратура босқичини ўташ мен учун нафақат таҳсил олиш, балки шахсий ва маънавий тажриба тўплаш учун ҳам имконият. Кўзлаган мақсадларимдан бири – япон жамиятини ўрганиш, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат моҳиятини чуқурроқ англаш, келгусида шу ҳамкорлик ривожига ҳисса қўшиш.
Айни омил мени одамлар билан кўпроқ суҳбатлашиш, турфа қараш ва ёндашувни қиёслашга ундайди.
Қувонарлиси – японлар ва ўзбеклар жуда ўхшаш. Тўғри, тарих, турмуш тарзи ва жамият ўзаро фарқли. Бинобарин, каттага ҳурмат, оилага эътибор, меҳмондўстлик, миллий анъаналарга садоқат ва маданиятни асраб-авайлаш каби қадриятлар икки халқни бир-бирига яқинлаштиради.
Бу ўлкада Ўзбекистон ҳақида илиқ фикр билдирган, мамлакатимизни яқиндан билишга интиладиган инсонлар кам эмас: айримлари юртимизда бўлган, баъзилари ўзбек тилини ўрганиш орқали элимиз дунёқараши ва маданиятини англашга ҳаракат қилади.
Шундай инсонлар ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
Ўзбек тили Ўзбекистонга йўл очади
Ўзбек тилида бемалол мулоқот қиладиган бир япон эътиборимни тортди. У оддийроқ ўзбекча сўзларни ўрганиш билан чекланмаган, балки тил орқали халқимиз, урф-одатимиз ва диёримиз ҳаётини зрганишга интиляпти.
Одилжоннинг юртимиз билан боғлиқ режаси ҳам самимий: республикамизда яшашни истайди, келажакда ўзбек қизига уйланиш нияти бор, Ўзбекистон Президенти фаолияти диққат билан кузатиб боради. Унинг юксак орзуларидан бири – давлатимиз раҳбари билан учрашиш.
Бир қарашда шунчаки шахсий орзудек туюладиган бу истак ортида яна бир чуқур маъно бор: инсон бир мамлакатга чин дилдан қизиқа бошласа, ўша халқнинг тили, аҳолиси, туриш-турмиши ҳақида кўпроқ билгиси, ҳаёти ва келажагини тасаввур қилгиси келади. Тил ўрганиш эса шу орзулар сари элтадиган кўприкдир.
Одилжоннинг ҳикояси менга яна бир ҳақиқатни эслатди: Ўзбекистон тўғрисида тасаввур уйғониши учун йирик тадбирлар ёки расмий учрашувлар эмас, самимий суҳбат, дўстона муносабат, тилни ўзлаштириш кўпроқ фойдали бўлиши мумкин.
Рақси билан Ўзбекистонни танитаётган Насрин
Ўзбек маданиятига қизиқишнинг яна бир нафис кўриниши – санъат. Японияда фаолият юритаётган Насрин номли ўзбек ва форс маданияти рақс гуруҳи раҳбари ўзбек рақсларини намойиш этиш орқали миллий маданиятимизни япон томошабинларига таништириб келади.
Унинг Ўзбек тили байрами муносабати билан йўллаган табриги ҳам миллатимизга нисбатан чексиз ҳурматни ифодалайди:
– Ўзбек тили – юртнинг бой тарихи, маданияти ва бетакрор халқ қалбини акс эттирувчи гўзал тил.
Мен Японияда ўзбек маданиятини тарғиб этишдан беҳад мамнунман. Ўзбекистонга ҳурматим баланд. Ўзбек тили ва маданиятига янада равнақ тилайман!
Бу сўзларда санъатнинг ўзига хос кучи намоён. Тўғри, рақс таржимaгa муҳтож эмас: ҳаракат, оҳанг ва миллий либос ёрдамида муайян халқнинг тарихи, руҳиятини ифодалайди. Барибир, бирор миллатни чуқурроқ англаш учун тил билиш, элнинг қадрияти, анъаналарини ўрганиш ҳам жуда муҳим.
Насрин сингари ижодкорлар ўзбек маданиятини Японияда танитиш орқали халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Бундай фаолият маданий алоқа фақат расмий ташриф билан чекланмаслиги, саҳна, мусиқа ва рақс, кундалик мулоқот ёрдамида ҳам шаклланиб боришини тасдиқлайди.
Комазаки Машу: дутор садосидан яралган муҳаббат
Ўзбек мусиқасига меҳр қўйиш баробарида тилимизни ҳам чуқур ўрганаётган Комазаки Машунинг фаолияти ҳам эътиборга лойиқ. Унинг ҳам маданиятимизга қизиқиши санъат билан чамбарчас боғлиқ. Миллий куйларимиз оҳанги, дуторнинг ўзига хос садоси Машуни халқимиз маънавий оламига тобора яқинлаштирмоқда. Мусиқaгa қизиқиш аста-секин ўзбек тилини ўрганиш, қўшиқлар мазмунини, бой тарихий-маданий қатламни англаш истагига айланган.
Бугун Комазаки Машу Юнус Ражабий номли Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида дутор йўналиши бўйича магистратура иккинчи босқичида таҳсил олмоқда. У 2024 йил «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида учинчи ўринни қўлга киритган.
Мазкур натижа ўзбек мусиқасига қизиқиш шунчаки ҳавас эмас, балки изчил меҳнат, жиддий таълим ва ижодий изланиш маҳсули эканини кўрсатади.
Мусиқа тил ўрганиш учун ҳам йўл очади. Қўшиқ матнини тушуниш, куй мазмунини англаш ва ижро жараёнида миллийликни ҳис қилиш учун инсон тилга мурожаат қилади. Шу тариқа дутор садоси япон ёшлари бир вакилини ўзбек тилига, тил эса халқимиз тарихи ва маданиятига яқинлаштирмоқда.
Комазаки Машу мисолида мен маданий дипломатиянинг жонли намунасини кўраман. Бир инсон санъат ёрдамида бошқа халқ қалбига йўл топган. Энди у ўрганганини фаолияти, ижроси орқали, ўзаро мулоқот доирасида бошқаларга етказади.
Тилчи устозлар
Японияда яна бир қатлам бор: тилимизни ўргатиш, бошқа халқлар вакилларига танитиш ва ўрганувчилар қизиқишини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилаётган устозлар.
Кун чиқар ўлкада қарийб ўн йилдан буён яшаб, ўзбек тили ва маданиятини тарғиб қилиб келаётган ўзбек устозлар билан суҳбатлашар эканман, уларнинг меҳнати замирида улкан сабр, фидойилик борлигини ҳис қилдим. Турли ёшдаги инсонларга тилимизни ўргатадиган, диёримиз тарихи, элимиз анъаналари ҳақида тушунча берадиган бундай инсонлар фаолияти давомида юзлаб хорижликларни ўзбек тили ва маданиятига ошно этади.
Тил ўрганиш фақат луғат ёдлаш ёки қоидани ўзлаштиришдан иборат эмас. Устоз ўқувчига сўз маъноси билан бирга муайян ҳаёт тарзини ҳам англатади. Саломлашиш, ёши улуғларга ҳурмат кўрсатиш, меҳмон кутиш, оила ва дўстликни қадрлаш билан боғлиқ иборалар кишини ўзга халқ маданий дунёсига олиб киради.
Чет элда бошқа бир миллат тилини ўргатиш осон кечмайди. Ўқувчи турли мақсад билан келиши мумкин: кимдир саёҳат қилишни режалаштирган, биров илмий изланиш бошлаган, учинчиси мусиқа ёки адабиётга қизиқади. Устоз эса ҳар бир ўқувчи қизиқишини барқарор интилишга айлантира олиши даркор.
Бир сўз билан айтганда, тил ўргатаётган муаллим шогирдларини халқлар ўртасида ишонч ва ўзаро тушуниш туйғусини мустаҳкамлайдиган инсон сиймосидаги занжирларни шакллантиради.
Хуллас, бошқа мамлакатда тилимизни ўргатиш ёки ўрганиш учун вақт ва куч сарфлаётган инсонлар билан кечган учрашувларда киши қалбида Ватан соғинчи, фахр, миннатдорлик ҳисси қоришиб кетаркан...
Ўзбекистон ва Япония муносабатларини мустаҳкамлашда таълим, илм-фан, иқтисодиёт соҳалари, шунингдек расмий мулоқотнинг ўрни беқиёс. Қолаверса, икки халқ яқинлигини оддий инсонлар ўртасидаги самимий муносабат ҳам мустаҳкамлайди. Ўзбек тилини ўрганаётган япон ёшлари, миллий мусиқамиздан илҳом олаётган санъаткорлар, рақсларимизни саҳнага олиб чиқаётган ижодкорлар ва тилимизни ўргатаётган устозлар шу дўстлик натижасини кундалик ҳаётда намоён этади.
Ўзбек тили байрами фақат тилимиз гўзаллиги ва бойлиги кўз-кўз қилинадиган кун эмас. Бу сана бизга мудом она тилимизни асраш, келажак авлодга етказиш ва дунёга танитиш масъулиятини ҳам эслатиб туради.
Бугун Токиода ўзбекча сўзлаётган, «икки тор» садоси орқали халқимизга яқинлашаётган, миллий рақсларимизга хиром айлаётган ва тилимизни ўргатаётган инсонларни кўриб, кўнглимда бир туйғу мустаҳкамланди: она тилимиз овози сарҳадлар оша одамларни бир-бирига яқинлаштиради, янги дўстлар сари йўл очади, узоқ элларда ҳам Ватан ҳақида илиқ тасаввур уйғотади.
Она тилимизнинг қадри фақат биз тилни қай даражада севишимиз эмас, балки ўзбек тилини ўрганиш истагидаги инсонлар қалбида қандай ўрин эгаллаётганида ҳам намоён бўлади.
Ўзбек тили байрами барчамизга яна бир бор муборак бўлсин!
Беҳруз Худойбердиев,
Мирҳабиб Сайфуллаев,
Фахриёр Раҳмоналиев (видео)
ЎзА
Токио, Япония