Матонат, рекордлар ва 56 та медаль, пара спортчиларимиз Осиёда иккинчи ўринда!
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган V Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари 20 октябрь кунги баҳслар якунларига кўра, 11 тадан олтин, кумуш ва бронза, жами 33 та медалга сазовор бўлди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, кун давомида вакилларимиз пара енгил атлетикада 11 та, пара сузишда 8 та, пара пауэрлифтингда 3 та, пара велотрекда 2 та, пара дзюдода 5 та ва пара таэквондода 4 та медалга эга чиқди.
Кутилганидек, бугунги беллашувларда пара енгил атлетикачиларимиз навбатдаги медаллар шодасини тақдим этди. Жумладан, Мадина Мухторова ядро улоқтириш баҳсида 9,10 метр натижа билан Осиё рекордини янгилаган бўлса, Наврўза Ахматова 10,02 метр натижа билан Параосиё ўйинлари рекордини ўрнатган ҳолда делегациямизга иккита олтин медаль келтирди.
Шунингдек, Муҳаммадабдуллоҳ Турсунжонов баландликка сакрашда 1,94 метр натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Асила Мирзаёрова 200 метрга югуришда 25,86 сония, Ёқутхон Холбекова найза улоқтиришда 32,43 метр, Ёрқинбек Одилов диск улоқтиришда 45,10 метр натижа билан совриндорлар сафидан жой олди. Кубаро Ҳакимова ядро улоқтиришда 9,71 метр натижа қайд этиб, кумуш медалга эга чиқди.


Бронза медаллар Ангелина Колесниковага диск улоқтиришда 30,10 метр, Диёрбек Умаровга ядро улоқтиришда 12,54 метр, Содиқжон Мамадиевга узунликка сакрашда 5,69 метр натижа учун насиб этди. Фароғат Муҳаммадқулова ядро улоқтиришда 7,54 метр, Достон Қаҳҳоров эса 100 метрга югуришда 11,88 сония натижа билан бронза медалини қўлга киритди.
Пара сузишда Дмитрий Хорлин 400 метрга эркин усулда сузишда 4:21.32 дақиқа натижа билан олтин, 100 метрга чалқанча сузишда бронза медалига сазовор бўлди. Мубинабону Халилова 100 метрга брасс усулида сузишни 1:19.60 дақиқада якунлаб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Азизбек Бойназаров 200 метрга комплекс усулда сузишда 2:23.87 дақиқа натижа билан олтин медалга эришди. Егор Болотов 400 метрга эркин усулда сузишда 4:21.94 дақиқа, Сардор Бахтиёров 100 метрга эркин усулда сузишда 1:04.91 дақиқа натижа билан кумуш медалларга эга чиқди. Муслима Одилова эса 100 метрга брасс усулида сузишда 1:30.11 дақиқа натижа қайд этиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Пара пауэрлифтинг баҳсларида Ақидахон Ахтамова 55 килограммгача бўлган вазн тоифасида 128 килограмм тошни кўтариб, олтин медалга сазовор бўлди. Спортчимиз ушбу натижа билан Параосиё ўйинлари рекордини ҳам ўрнатди. Муслима Нуриддинова 61 килограммгача бўлган вазн тоифасида 129 килограмм натижа билан олтин медални қўлга киритди. Насиба Тошпўлатова эса 50 килограммгача бўлган вазн тоифасида 123 килограмм натижа кўрсатиб, кумуш медалга эга чиқди.



Пара велотрек мусобақасида Боймурод Явкочев 4000 метрга якка таъқиб пойгасида олтин медалга сазовор бўлди. Ушбу йўналишда иштирок этган Азимбек Абдуллаев эса кумуш медални қўлга киритди.
Пара дзюдо баҳсларида Шоҳрух Мамедов 81 килограммгача бўлган вазн тоифасида (J1 класси), Муҳаммад Абдуқулов эса 95 килограммгача бўлган вазн тоифасида (J1 класси) олтин медалларга сазовор бўлди. Кумушхон Ходжаева 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида (J2 класси) ғолибликни қўлга киритди. 95 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финал баҳсида Муҳаммад Абдуқулов Турғун Абдиевни мағлуб этиб, олтин медалга эришди. Турғун Абдиев мусобақани кумуш медаль билан якунлади. Отабек Ирисбеков эса 81 килограммгача бўлган вазн тоифасида (J2 класси) бронза медалига сазовор бўлди.
Пара таэквондо баҳсларида Қудратжон Ҳайдаров 63 килограмм вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди. Зухриддин Тоҳиров 63 килограммгача, Камолахон Расулова 57 килограммгача бўлган вазн тоифаларида, Жавоҳир Алиқулов эса 70 килограмм вазн тоифасида бронза медалларига сазовор бўлди.

Параосиё ўйинларининг 20 октябрь кунги беллашувлари якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида Хитой терма жамоаси 70 та олтин, 44 та кумуш ва 35 та бронза, жами 149 та медаль билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон делегацияси 17 та олтин, 21 та кумуш ва 18 та бронза, жами 56 та медаль билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Кучли учликдан 16 та олтин, 20 та кумуш ва 27 та бронза, жами 63 та медаль жамғарган Япония терма жамоаси жой олган.
Шунингдек, Жанубий Корея 12 та олтин, 9 та кумуш ва 13 та бронза, Эрон 10 та олтин, 12 та кумуш ва 16 та бронза, Ҳиндистон 9 та олтин, 11 та кумуш ва 15 та бронза, Таиланд 8 та олтин, 11 та кумуш ва 22 та бронза, Қозоғистон 5 та олтин, 6 та кумуш ва 10 та бронза, Индонезия 4 та олтин, 4 та кумуш ва 17 та бронза, Малайзия эса 3 тадан олтин ҳамда кумуш ва 3 та бронза билан кучли ўйнликни эгаллаб турибди.
Параосиё ўйинларида маҳорат ва матонат кўрсатаётган вакилларимиз ўз ғалабалари билан Ўзбекистон спорт маҳоратини яна бир бор дунёга намоён этмоқда. Беллашувларнинг кейинги кунларида ҳам пара терма жамоамиз аъзоларидан янги рекордлар ва юқори марраларни кутиб қоламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА